Ўзбекистонлик 130 ёшли онахон нега Гиннесга киритилмаяпти?
Бу қизиқ
−
12 Май 24527 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 май куни Ер юзидаги энг кекса инсон сифатида қайд этилган, 116 ёшли бразилиялик роҳиба Ина Канабарру Лукас вафот этганидан сўнг, унинг ўрнини британиялик 115 ёшли Этел Катерхем эгаллади.
Англиянинг Суррей шаҳрида яшовчи бу кампир ушбу унвонга 115 ёш ва 252 кунлик даврида сазовор бўлди. Бироқ ижтимоий тармоқларда бот-бот Ўзбекистонда 130 баҳорни кўрган, уч асрни ортда қолдирган Ҳувайдо момо Умарова ҳақида хабарлар тарқалади.
Бугун, 12 май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева турмуш ўртоғи, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Умаров билан бирга Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, 1895 йилда туғилган ушбу нуронийни кўргани борди.
“Улар сўзлаб турган пайтда, отам ва онамга ҳам узоқ ва баракали умр насиб этишини қалбан Аллоҳдан сўрадим”, деб ёзади Шаҳноза Мирзиёева.
Отабек Умаров эса Гиннесга киритилган энг кекса аёл 116 ёшда эканини, бироқ Ўзбекистонда Ҳувайдо момо борлигини таъкидлаган.
Хўш, нега у дунёдаги энг кекса инсон сифатида тан олинмаяпти? Ушбу саволга ўтган йили “Жадид” газетасида журналист Шарифа Мурод томонидан эълон қилинган мақолада жавоб берилган.
Қайд этилишича, момонинг авлодида бир асрдан зиёд умр кўрганлар кўп бўлган. Масалан, турмуш ўртоғи Тошмат ота 101 ёшга кирган, тоғалари Муллақодир 130 йил, аммалари Сайдинисо эса 125 йил умр кўрган. Андижон давлат тиббиёт институти профессори Неъматжон Мамасолиев онахоннинг генетикасини ўрганмоқда. Агар момодаги узоқ умр сирлари аниқланса, кейинчалик бу асосда инсониятга фойда келтирувчи кашфиёт яратилиши мумкин.
Бир неча йил аввал масъуллар Ҳувайдо Умаровани сайёрадаги энг ёши улуғ инсон сифатида Гиннес рекордлар китобига киритиш учун ҳужжат тўплаган. Чет эл ташкилотлари билан боғланишган. Бироқ собиқ Совет Иттифоқи томонидан берилган ҳужжатларга ишонч билдирилмагани сабабли, бу иш ҳануз якунига етгани йўқ.
Live
Барчаси