Ўзбекистонга Тожикистондан олиб кирилаётган қарийб 100 кг наркотик моддаси тўхтатиб қолинди
Жамият
−
25 Август 2021
6549Бугун, 25 август куни Ўзбекистоннинг Тожикистон билан чегарасида жойлашган “Сариосиё” постида қарийб 100 килограмм гиёҳвандлик моддаларини Сурхондарё вилоятига олиб кираётган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Божхона бошқармасига қарашли “Сариосиё” чегара божхона постига қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги Merсedes-Benz русумли юк машинаси кириб келган.
Мазкур юк машинасига ортилган юк тегишли тартибда кўздан кечирилганда ҳайдовчи унга 20 тонна оғирликдаги ип-калава юкланганини маълум қилиб, бу ҳақдаги ҳужжатларни тақдим этган.
Божхона ходимлари томонидан юк машинасининг тиркамаси хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида унинг олд томони пастки қисмига 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани аниқланган.
Полиэтилен ўрамлар очиб кўрилганида 82 та ўрамга 85 килограмм 505 грамм оғирликдаги героин ҳамда 11 дона ўрамга 11 килограмм 425 грамм оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик моддалари жойлангани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Божхона қўмитаси Матбуот хизматининг маълумот беришича, божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 300 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида оғирлиги 260 килограммдан зиёд гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 август куни Тошкент шаҳри Сергели туманидаги заводлардан бирида республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган 1 тонна 350 кг наркотик моддалар йўқ қилинди.
Наркотик моддаларини ёқиб юбориш тадбири жараёнида Ўзбекистондаги нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган асосий омил сифатида қўшни Афғонистонда ҳанузгача гиёҳвандлик воситалари кўп миқдорда етишитирилиши, дунёнинг турли минтақаларига Ўзбекистон ҳудуди орқали экспорт қилиниши келтирилди.
LiveБарчаси