Ўзбекистонга шампун идишида 12 кг героин олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди

Жамият 2948
image
-

Сурхондарё вилояти “Айритом” чегара божхона постида гиёҳвандлик воситаларини олиб киришнинг навбатдаги қинғир усули фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 март куни соат 16:35 дан 16:50 га қадар мазкур постга кетма-кет равишда 4 нафар қўшни давлат фуқаролари пиёда кириб келади.

Қизиғи шундаки, ушбу шахсларнинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, тўрталаси ҳам ўзлари билан бир хил товар, яъни шампунлар олиб ўтаётгани божхона ходимларининг диққатини тортади.

Мазкур постга пиёда кириб келган қўшни давлат фуқаросининг қўл юклари белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида, сумка ичидаги 14 дона шампун қутиларига шубҳали моддалар солингани маълум бўлган.

Божхона кўриги давомида ушбу моддалар 3 кг 149 граммни ташкил қилувчи суюқ шаклдаги героин гиёҳвандлик воситаси экани аниқланган.

Орадан 5 дақиқа ўтмай қўл юклари орасида 12 дона шампун олиб ўтаётган яна бир хорижий фуқаро тўхтатиб қолинган. Бу гал шампун қутиларига жойланган суюқ героиннинг оғирлиги 2 кг 532 граммни ташкил қилган.

“Шу куни яхлит занжирдек тизилган қонунбузарлар 5 дақиқалик тафовут билан кетма-кет ушланаверди. Ўзидан аввалги шерикларининг қўлга олинганидан бехабар тарзда яна 2 нафар хорижий давлат фуқароси божхона постига бамайлихотир кириб келишар экан, уларни ҳам шерикларининг қисмати қарши олди”, дейилади хабарда.

Улардан бири 13 дона шампун қутисида 3 кг 472 грамм, яна бири эса 14 дона шампун қутисида 3 кг 202 грамм оғирликдаги суюқ героинни олиб киришга уринган вақтда тўхтатиб қолинган.

Шундай қилиб, 4 нафар хорижий фуқаролардан олиб қўйилган 53 дона шампун қутиларидаги жами 12 кг 355 граммни ташкил қилувчи наркотик моддалар суюқ героин эканини экспертиза хулосаси ҳам тасдиқлаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 2.8
t
×