Ўзбекистонга коронавирусга қарши 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси келтирилмоқда
Жамият
−
16 Март 2021
3805Маълумки, вакцинация жараёни юқумли касалликлар профилактикасида энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш, айнан ушбу юқумли касалликларни камайтириш, касаллик ўчоқларини жиловлаш ва тугатиш, уларнинг элиминациясига эришишда асосий восита демакдир.
Бугунги кунда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш мақсадида Ўзбекистонга вакцина етказиш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Шу ўринда айтиш керакки, мамлакатда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, айни пайтда қаердан ва қанча миқдорда вакцина олиб келиниши юзасидан музокаралар ва ўрганишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, UNICEF ва ЖССТ билан ҳамкорликда Республикада коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3138 та эмлаш пунктлари ҳамда 862 та мобил бригадалар шай ҳолга келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киритилган. Жорий ийлнинг январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма GAVI ташкилотига тақдим этилган эди. Ушбу ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатимизга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2,64 млн доза AstraZeneca вакцинасини, шундан 2021 йилнинг I-чорагида 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган эди. 2021 йил 5 март куни республикамизга шприц ва хавфсиз утилизация қутилари келди ва тақсимот асосида жойларга тарқатилган.
Эртага, 17 март куни соат 01:55 да (Тошкент вақти билан) Ўзбекистон Республикаси Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига Ҳиндистон давлатидан COVAX дастури орқали UNICEF ташкилоти томонидан умумий нархи 1 млн 980 минг долларлик 660 минг доза COVID-19 га қарши COVISHIELD вакцинаси муравват ёрдами сифатида Тошкент Халқаро аэропортига келтирилмоқда.
Ушбу вакциналар билан Республикада аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишларининг бошланиши маълм қилинган
LiveБарчаси