Ўзбекистонга хавфлилиги айтилаётган AstraZeneca вакцинаси олиб келинади. Хавотирга асос борми?
Жамият
−
13 Март 2021
4855Аввалроқ Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза AstraZeneca вакцинасини олиши ҳақида хабар берилганди. Буюк Британия ва Швеция давлатларининг AstraZeneca компанияси ва Оксфорд университети томонидан яратилган вакцинани қўллаш натижасида эмланганларнинг томирларида тромблар ҳосил бўлиши билан боғлиқ тромбоэмболиялар қайд этилганини сабаб қилиб, дунёнинг бир нечта давлатлари хусусан, Австрия, Дания, Норвегия ва Эстония давлатлари аҳолисини мазкур вакцина билан эмлашни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.
Ушбу давлатлар раҳбарларининг фикрича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур вакцинанинг зарарсиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмагунига қадар AstraZeneca вакцинаси билан эмлашга чекловлар давом этади. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Ўзбекистондаги ушбу вакцина билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий вакили Тарик Яшаревичнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг 9 мартига қадар дунё бўйича 268 млн нафар аҳоли COVID-19 га қарши эмланган бўлишига қарамасдан, эмлаш билан боғлиқ бирорта ҳам ўлим ҳолатлари расман қайд этилмаган.
Мазкур расмий вакилга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир неча давлатлар томонидан эҳтиёт чораси сифатида AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатиб қўйганликларидан хабари бор ва тўлиқ суриштирув ишлари амалга оширилиб, қайд этилган у ёки бу асоратлар айнан AstraZeneca вакцинасининг ушбу серияси билан эмланиш билан боғлиқлиги исботланмагунга қадар, аниқ хулосага келиш қийин.
Хизматга кўра, Дори воситалари Европа агентлиги (ЕМА) фармацевтик хавфни баҳолаш комитетининг фикрича, ҳатто AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш билан боғлиқ тромбоэмболия ҳолатларини ўрганиш ва у билан боғлиқ тавсилотларни суриштириш жараёнида ҳам мазкур вакцина билан эмлаш ишлари давом эттирилиши керак. Ўз йўлида Хавфни баҳолаш комитети томонидан барча тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилади ва унинг якунлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига тегишли тавсияларни киритади.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Тарик Яшаревичнинг таъкидлашича COVID-19 га қарши ишлатиладиган вакциналар мазкур касалликга қарши иммунитетни шакллантиришга қаратилган бўлиб, у зинҳор бошқа касалликлар ёки сабаблар билан боғлиқ ўлимларнинг олдини олишга хизмат қилмайди.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерришнинг фикрича, COVID-19 га қарши вакциналар глобал имконият сифатида қаралиши ва 2021 йил давомида 2 млрд доза хавфсиз ва самарали вакцина аҳолига етказилиши лозим. Шу аснода, COVAX жамғармаси томонидан собиқ иттифоқ давлатларига 7.2 млн доза COVID-19 га қарши вакцина ажратилиши режалаштирилаётган бўлса, уларнинг 90 фоиздан ортиқроғи Буюк Британия ва Швеция давлатларининг AstraZeneca компанияси ва Оксфорд университети томонидан яратилган вакцина ҳисобланади. Озарбайжон, Молдавия ва Украина давлатларида эса, AstraZeneca вакцинасини қўллаш бошлаб юборилган.
Бугунги кунда AstraZeneca вакцинасидан 240 млн доза ишлаб чиқилган бўлса, ушбу вакцина билан 92 та давлат ўз аҳолисини эмламоқда. Фақат, Ҳиндистон давлати ушбу вакцина билан 20 миллиондан ортиқ аҳолисини эмлаган бўлиб, эмланганлар орасида бирорта ҳам ножўя таъсирлар ва ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ.
Хабарда қайд этилишича, қандай вакцина бўлишидан қатъий назар COVID-19 га қарши эмланиш ва касалликдан ҳимояланиш имкониятининг борлигига, касалланиб қолишдан ҳам оғир оқибатларга мубтало бўлишдан сақланиб қолишнинг имконияти сифатида қаралиши керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь