Ўзбекистонга қайси давлат дўст?
Жамият
−
24 Июль 2023
20017Яхшига ёндош – ёмондан қоч. Бу мақол нафақат одамлар, балки давлатлар ўртасидаги муносабат жараёнига ҳам мос тушади. Бугун Ўзбекистон ҳам ўзига дўст деб билган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Хўш, расмийлар ўзига дўст деб билган давлатларни одамлар ҳам дўст деб атайдими? Умуман олганда ўзбеклар қайси давлатни Ўзбекистон учун дўст деб билади? Бунга сабаб нима? Худди шундай саволлар билан QALAMPIR.UZ одамларга юзланди.
“Ўзбекистон учун Россияни дўст деб биламан. Чунки бу давлат билан олди-берди томонлама шартномалар имзоланган. Ҳозирда кўпчилик фуқароларимиз ўша ерда ишлайди. Менимча, иш шароити ҳам ёмон бўлмаса керак”, дейди фуқаролардан бири.
“Россияни кўпроқ дўст деб биламан. Чунки кўпроқ ёрдам беради. Кўп юртдошларимиз у ёққа кетади, ҳамкорлигимиз яхши. Устига-устак Путин бу ёқдан чиққан Президент”, дейди бошқа бир фуқаро.
Сўровномада иштирок этган одамларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга айнан Марказий Осиё, туркий давлатлар ҳамда Яқин Шарқ мамлакатлари дўст эканлигини айтди. Уларнинг фикрича, айнан бу давлатлар билан кўпроқ алоқаларни мустаҳкамлаш зарур.
“Малайзия, Сингапур, Индонезия каби давлатларни дўст деб биламан ва бу давлатлар билан янада ҳамкорлик бўлишини хоҳлар эдик. Улар мамлакатни иқтисодий ривожлантиришни ўзига хос, бизнинг менталитетимизга мос йўлини танлаган, яъни, шарқона маданиятга мос” дейди йўловчи аёл.
“Малайзия, Туркия каби давлатлар дўст. Чунки, халқлари яхши, одамлари яхши. Кўчалари тоза” дейди бошқа бир фуқаро.
“Қирғизистон, Қозоғистон, Россия каби давлатларни дўст деб биламан. Умуман олганда МДҲ давлатлари бир-бирига яқин, қондошмиз”, дейди сўровнома иштирокчиларидан бири.
Шунингдек, мазкур сўровномада иштирок этган фуқаролар орасида Ўзбекистонга ривожланган давлатлар дўст эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтганлар ҳам бўлди.
“Ўзбекистон учун Корея давлатини дўст деб биламан. Чунки Корея шартнома билан кўп иш беряпти. Одамлар ноқонуний, ёлғон-яшиқ йўллар билан эмас, тўғри йўл билан бориб ишлашяпти. Бориб ишлаётганларнинг бири-икки бўляпти. Маоши ҳам яхши”, дейди улардан бири
“Туркия, Англия, Американи дўст деб биламан. Чунки, биз эски даврда туғилган одамлармиз. Ҳамма давлатлар бир-бирига дўст бўлиб келган”, дейди бошқа бири.
Мазкур сўровнома жараёнида QALAMPIR.UZ фақатгина одамлардан Ўзбекистонга қайси мамлакатлар дўст эканлиги тўғрисидаги саволлар билан эмас, балки яна қайси давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириши кераклигига доир саволлар билан мурожаат қилди.
Бу жараёнда одамлар асосан турли соҳаларда ривожланган давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кераклигини айтди. Сўровномада иштирок этган жуда кам сонли фуқаролар эса Россия билан алоқаларни янада кучайтириш зарурлигини билдирди.
“Франция, Италия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилишини хоҳлар эдим. Мисол учун, Италияни машиналари анча кучли. Германия билан ҳамкорлик қилсак бизни келажакда кучайишимизга ҳар томонлама ёрдам беради”, дейди иштирокчилардан бири
“Хитой билан кенгроқ ҳамкорлик қилинишини хоҳлар эдик. Бунга сабаб у ерда кўпроқ ишлаб чиқаришга эътибор берилади. Керак бўлса у ерда ҳар бир уйда ишлаб чиқариш яхши. Бу эса бизда импорт ҳажмини камайтириб, экспорт ҳажмини оширишга имкон беради. Бу иқтисодиётимизга катта ёрдам беради, деб ўйлайман”, дейди яна бир шахс.
“Ривожланган давлатлар билан кўпроқ ҳамкорлик қилиш керак. Мисол учун, Америка, Германия, Россия билан бундан кўпроқ ҳамкорлик қилиши керак. Дўстона муносабатлар кўпайса, биз талабалар учун яна ҳам имконият кенгаяди. У ерда ўқиб, етук мутахассис кадр бўлиш ниятимиз бор”, дейди талаба йигит.
LiveБарчаси