Ўзбекистондан ўтаётган транзит поездидан 172 кг наркотик топилди

Жамият

image

Сурхондарёда вилоятида “Сариосиё” темир йўл чегара-божхона постида Тожикистон билан чегарада транзит тарзида Ўзбекистондан ўтаётган юк поездида 172,5 кг наркотик модда аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси маълум қилди.

“Қўшни давлатдан кириб келган ва республикамиздан транзит тарзида ўтаётган юк поезди инспекцион кўрик мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказилганида, вагонлардан бирининг шубҳали сканер тасвирлари божхона ходимларининг эътиборини тортди”, дейилади қўмита хабарида.

Мазкур вагон кинология ходимларининг хизмат итлари ёрдамида чуқурлаштирилган божхона назоратидан ўтказилганида, вагоннинг остки қисмида махсус хуфёна жойлар тайёрлангани аниқланган.

Ушбу хуфёна жойлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида эса, уларнинг ичига қора рангли целофан пакетларга скотчланган ҳолда 23 дона 5 литрлик сиғимга эга елим идишлар яширилгани фош бўлган.

Текширилганда нлим идишларнинг 4 тасига оқ рангли ўткир ҳидли 11 кг 987 гр оғирликдаги героин, 2 кг 592 гр гашиш ҳамда 19 дона елим идишларга жигарранг тусдаги ўткир ҳидли 81 кг 348 гр гашиш мойи солингани аниқланган.

Шундан сўнг, вилоят божхоначилари Давлат хавфсизлик хизмати, Чегара қўшинлари ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан тезкор тадбир давом эттирилиб, “Дарбанд” темир йўл станциясида мазкур поезд таркибида бўлган яна бир вагон текширувдан ўтказилган.

Натижада, ушбу вагоннинг остки қисмида ҳам темир листлар ёрдамида тайёрланган махсус хуфёна жойда қора рангли целофан пакетларга скотч билан ўралган жами 21 дона 5 литр ҳажмли полиэтилен идишлар яширилганлиги ва уларнинг ичида 30 кг 648 гр гашиш гиёҳвандлик воситаси ҳамда 45 кг 906 гр гашиш мойи гиёҳвандлик воситаси мавжудлиги аниқланган.

Ўтказилган тадбирлар давомида қарийб 172,5 кг. оғирликдаги гиёҳванд воситаларнинг республикамиз ҳудудидан яширин равишда ўтказилишига чек қўйилди. Қўмита юк поезди қайси давлатдан келаётгани ҳақида маълумот бермаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органларига юборилди.


Мақола муаллифи

Теглар

наркотик транзит

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг