Ўзбекистондан туриб россиялик кексаларни чув туширган фирибгарлар гуруҳи фош бўлди
3-саҳифа
−
04 Февраль
11575Тошкент ва Фарғонада Ўзбекистондан туриб Россия фуқароларининг жуда катта миқдорда пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб келаётган жиноий гуруҳ ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йил 24 январь куни ўтказилган тезкор қидирув тадбирларида 1986 йилда Фарғона шаҳрида туғилган гуруҳ раҳбари ўз қўл остида жиноий тузилмаларни ташкил қилиб, Россия Федерацияси фуқароларининг пул маблағларини ноқонуний равишда ўзлаштириш билан шуғулланиб келгани аниқланган.
“Шундай бўладики, битта телефонда Сбербанк карта ва UzCard жойлашади. Бу қандай бўлади? Айтайлик, жабрланувчига телефон қилинади. Менинг одамим унинг номига очилган картани тақдим қилиб, пулни ўтказиб беришини айтади. Бир вақтнинг ўзида маблағни UzCard’га ўтказиш билан шуғулланади”, дейди жиноий гуруҳ раҳбари.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, ушбу жиноий тузилма фаолиятига нафақат фарғоналиклар, балки россиялик шахслар ҳам жалб этилган ва улар билан жиноий мақсадлар йўлида доимий алоқа ўрнатилган. Юқоридаги шахслар Фарғона шаҳрида 2 та ва Тошкент шаҳрида 1 та call-марказлар ниқоби остида жами 32 кишидан иборат жиноий тузилма ташкил этган.
Жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган шахснинг айтишига кўра, у мазкур схеманинг ишлаши бўйича фирибгарларни Россияда ўзлаштиради ва ахборот технологияларидан фойдаланиб, одамларни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан уларнинг кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш усулларини ўрганади. Фарғонага қайтганидан кейин эса ушбу жиноий режани амалга оширишга киришган.
Жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Фарғона шаҳрида ташкил этилган call-марказ фаолиятининг ишлаш схемаси ўта мураккаб шаклда тайёрланган. Мазкур жиноий схемада иштирок этган шахслар интернетнинг “даркнет” қисмидан Россияда истиқомат қилувчи биологик фаол қўшимчаларни харид қилган фуқаролар ҳақида шахсий маълумотларни сотиб олишга эришган.
Жиноий схема фаолияти учта гуруҳга ажратилган ҳолда давом эттирилади. Биринчи гуруҳ жисмоний шахслардан даромад солиғи, иккинчи гуруҳ яратувчилар гуруҳи ва учинчи гуруҳ минфин гуруҳи.
Олти нафар аъзодан иборат жисмоний шахслар даромад солиғи гуруҳининг ҳар бири 200-300 нафардан фуқароларга телефон орқали фуқароларни алдашга уринган. Улар ўзларини тергов қўмитасининг вакили дея таништирган. “Сизга пул тўлови бор, 580 минг рубль миқдорида” каби гапларни айтган.
Яратувчилар гуруҳи солиқ инспекцияси номидан фуқароларга солиқ тўловларини амалга ошириш кераклигини хабар берган ва қўнғироқларни қабул қилган.
Учинчиси – минфин гуруҳи Россия Федерацияси Молия вазирлиги юрисконсульти номидан жисмоний шахсларга даромад солиғи тўланганидан сўнг белгиланган вақтда компенсация пулини олишлари мумкинлиги ҳақида қўнғироқ қилган.
“Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида мазкур жиноий гуруҳнинг Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги нуқталари аниқланиб, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси ( Фирибгарлик) 3-қисми “г” банди ва 278-моддасининг (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) тегишли бандлари билан жиноятчи қўзғатилиб, жами 32 нафар шахс процессуал тартибида ушланганга мувофиқ чора-тадбирлар кўрилди”, дейди Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси Нурмуҳаммад Тўйчиев.
Билдирилишича, фирибгарлар асосан интернет телефония хизматлари орқали Россия Федерациясида истиқомат қилувчи кекса ёшдаги фуқароларга қўнғироқ қилиб, улар томонидан харид қилинган биологик фаол қўшимчалар қалбаки бўлгани, шу боис давлат томонидан мазкур зарар моддий томондан қоплаб берилишини айтиб, ўзларини консультант ходим деб таништирган. Ишончга киришгач, фуқароларга мазкур маблағларни олиш учун уларга пластик карталарни беришади. Ушбу карталарга турли кўринишдаги пул маблағларини ўтказиб олишга эришиб, ваъдаларни бажармасдан, пластик карталарига тушган пулларни ўзларида бўлган бошқа шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб, жиноий йўл билан топилган пул маблағларини ўзаро тақсимлаб келишган. Айни пайтда уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида пулларингизни оз фурсат ичида кўпайтириб бераман, дея фуқароларни чув тушириб келган фирибгар трейдерлар қўлга олинганди.