Ўзбекистондаги вазирлик сайтини дастлаб Исроил, сўнг Қозоғистон хакерлари бузиб кирди
Жамият
−
19 Октябрь 2023
23535Ёшлар сиёсати ва спорти вазирлиги сайти хакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этишича, жорий йилнинг 15 октябрь 16:00 ларда Ёшлар сиёсати ва спорти вазирлиги сайтига киберҳужум уюштирилган.
Ўша вақти сайтнинг асосий саҳифасида “Your system hacked by Israil team (Сизнинг тизимингиз Исроил жамоаси томонидан бузилди)” деган ёзув пайдо бўлиб қолган.
Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан эълон қилган муносабатида веб сайтнинг киберҳужумга учрагани бўйича Киберхавфсизлик маркази билан дастлабки тезкор ўрганишлар ўтказилгани, киберҳужум оқибатида жиддий талафот кўрилмаганини маълум қилди.
Орадан 4 кун ўтиб, бугун, 19 октябрь куни сайтнинг иш фаолиятида яна узилишлар юзага кела бошлади. Бу сафар сайтнинг бош саҳифасида “Hi, Uzbekistan. Hacked by Kazhakhstan. Glory Kazakhstan. Kazakhstan strong (Салом, Ўзбекистон. Қозоғистон томонидан бузиб кирилди. Қозоғистонга шон-шарафлар. Қозоғистон кучли)” сўзлари пайдо бўлиб қолган.
Бу муаммо ҳозирда бартараф этилган, бироқ вазирлик ҳалигача иккинчи ҳужум юзасидан баёнот бергани йўқ.
Вазирлик расмийларининг берган маълумотига кўра, Киберхавфсизлик маркази билан сайт заифликлари устида ишланяпти.
“Вазирлик расмий веб-сайтини киберҳужумларга қарши ҳимоялаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Сайтда 1-2 заифликлар бор экан, ўзимизнинг дастурчилар тўғрилаяпти”, дейди вазирлик матбуот хизмати.