Ўзбекистондаги барча ЖИЭМларда карантин кучайтирилди. Учрашувлар тақиқланди

Жамият 11435
image

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори ва тавсиясига биноан мамлакатдаги барча жазони ижро этиш муассасаларида карантин тартиби кучайтирилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Шу муносабат билан жорий йилнинг 6 июль кунидан бошлаб жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан узоқ ва қисқа муддатли учрашувлари вақтинча тўхтатилади. Бунинг ўрнига уларнинг илтимосига қараб телефон орқали сўзлашувлар ташкиллаштирилади.

Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг адвокат, терговчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан учрашувлари карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда, махсус хоналарда ташкил этилади. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 78-моддаси талабларига мувофиқ, жазо муддатини ўтаётган шахсларга жўнатиладиган посилка, йўқлов ёки бандероллар почта хизматлари орқали қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатларининг кўпайгани сабабли бугун, 28 июндан эътиборан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан қатор карантин чекловлар жорий қилинди.

Унга кўра: 

•  жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;

•  хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иҳтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;

•  жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00 дан 20:00 гача рухсат берилади;

•  кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.

Шунингдек, очиқ майдонлар ёки ёпиқ мажмуаларда бўлишидан қатъий назар, юртимизда барча турдаги оммавий байрам тадбирлари, спорт мусобақалари, шунингдек, концерт, фестиваль, театр ва кино дастурлари вақтинча тўхтатилиши белгиланди.

1 августдан бошлаб тўй ва маросимларни 50 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш белгиланди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 182
Рейтинг: 3
t
×