Ўзбекистондаги 2 та ОТМда маданий мерос объектларини асраш факультети очилади
Жамият
−
07 Апрель 2021
3572Ўзбекистон Президентининг “Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, Маданият вазирлигининг моддий маданий мерос соҳасидаги UNESCO билан ишлаш ҳамда музейлар ва кутубхоналарни ривожлантириш билан боғлиқ вазифа ва функциялари тегишлилигича Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигига ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги “Huquqiy axborot” канали хабар берди.
Туризм ва спорт вазирлигига ишга қабул қилиш Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири томонидан тегишли давлат органлари томонидан илгари амалга оширилган келишувларни инобатга олган ҳолда, мустақил амалга оширилади.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан:
Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида маданий мерос объектларини асраш факультетлари;
Бухоро архитектура ва қурилиш коллежида Маданий мерос объектларини асраш йўналиши очилади.
Шунингдек, Туризм ва спорт вазирлиги таъсисчилигида “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
2021 йил давомида моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектларида электрон тўлов, турникет (лазер-датчикли) ва видео қайд қилиш мосламаларини ўрнатишни, кириш билетларини олдиндан сотиб олишни назарда тутувчи ягона марказлашган электрон тизим жорий этилади.
2021 йил 1 сентябрга қадар мазкур тизим намуна сифатида Самарқанд шаҳрида йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда узоқ йиллар давомида шаклланган меъморчилик мактабларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақсадида давлат муассасаси шаклида “Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси” ва босқичма-босқич равишда унинг минтақавий реставрация марказлари ташкил этилади.
LiveБарчаси