Ўзбекистонда жамоатчилик назорати сустми? Тараққиёт стратегияси раҳбари норози
Жамият
−
27 Январь 2020
5310Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жамоатчилик назоратини назарда тутувчи “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мизиёевнинг жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатномасида ҳам жамоатчилик назорати алоҳида қайд этилди. Хўш, айни вақтда жамоатчилик назорати қай даражада таъминланмоқда?
“Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори Элдор Туляков марказ томонидан ўтказилган мониторинг натижаларидан норози. Натижага асосан жамоатчилик кенгашлари сезиларли даражада фаол эмас.
“Бу мазкур йўналиш бўйича амалда қилинадиган ишларимиз кўп эканлигидан далолат бермоқда. Ваҳоланки, 2018 йилда айнан шу соҳани ривожлантириш учун “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган эди.
Қонунда 8та шаклда жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ҳуқуқ берилган эди. Масалан, давлат органларига сўров юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъатларда иштирок этиши, жамоатчилик муҳокамасини, жамоатчилик эшитувини ва жамоатчилик мониторинги ташкил этиш, жамоатчилик экспертизаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳисоботларини эшитиб бориш каби ваколатлар қонунда белгиланган эди”, дейди марказ ижрочи директори.
Шунингдек, мутахассиснинг фикрига кўра, жамоатчилик назоратини амалга оширишда юқоридаги 8та шаклдан фойдаланиш ва аниқ натижаларга эришиш ишлари суст кетмоқда. Айнан қайси жиҳатларда аҳвол оғир эканлиги ҳам таъкидланди.
“Айниқса, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторингги, жамоатчилик экспертизаси каби нормалар ҳаётга жорий этилмаяпти. Шунингдек, маҳалла ҳокимияти органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият ва бошқа ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш самарали ташкил этилмаяпти. Жамоатчилик назоратини қуриш ишларида маҳаллаларга бир қатор ваколатлар берилди. Маълум жойларда айнан мана шу жиҳат ишлаяпти. Маҳаллаларда тегишли давлат органлирининг ҳисоботларини эшитиб келиш ҳоллари ҳам мавжуд. Бу баъзи жойларда самарали амалга оширилмаяпти.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш институтидан эса фақатгина нодавлат ташкилотлар фойдаланмоқда. Бу борада ҳам жамоатчилик фаоллашуви талаб этилади”, дея танқид қилди Элдор Туляков.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 13 декабрь куни “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни ҳам имзоланган эди.
LiveБарчаси