Ўзбекистонда юридик шахсларнинг янги шакли пайдо бўлади
Жамият
−
13 Июнь 2020
9712Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Чекланган шерикчилик тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда "Норма" хабар берди.
Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ва чекланган шерикчилик шартномаси асосида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш қонун лойиҳасининг мақсади ҳисобланади.
Чекланган шерикчилик шартномаси асосида иккита ёки бир нечта шахс (шерик) юридик шахс тузиб, ўз маблағларини бирлаштириш ва шерикчиликдаги инвестицион фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини олади.
Чекланган шерикчилик шартномасида шериклар чекланган шерикчилик шартномасида (кейинги ўринларда – Шартнома) кўрсатилган доирада ва ҳажмда иштирок этади. Бунда битта ёки бир нечта шерик (бошқарув компанияси) барча шериклар номидан ҳамкорларнинг умумий ишини юритади.
Қуйидагилар Шартнома иштирокчилари бўлиши мумкин:
• шериклар – Шартномани тузган ҳамда ҳамкорларнинг умумий мулкига ўз ҳиссасини қўшган юридик ва жисмоний шахслар;
• бошқарувчи компания – тузилган шартномага мувофиқ умумий ишларни юритадиган ва инвестицияни бошқарадиган тижорат ташкилоти;
• малакали инвесторлар – инвестицион компанияларга миллий валютада ва/ёки МБнинг инвестиция киритилган санадаги курси бўйича хорижий валютада БҲМнинг 2 500 баравари миқдорида пул маблағлари кўрининишида инвестиция киритган юридик ва жисмоний, жумладан, хорижий шахслар;
Чекланган шерикчилик иштирокчилари сони 50 дан ошмаслиги керак.
Чекланган шерикчилик, банк фаолиятидан ташқари исталган қонуний фаолиятни амалга ошириши мумкин. У қонунчилик ёки Шартнома тақдим этадиган барча ҳуқуқ ва имтиёзларга, шу билан бирга, бизнес, чекланган шерикчилик мақсади ёки фаолиятини юритиш, ривожлантириш ёки унга эришиш учун лозим бўлган, юридик шахс ваколатларига эга.
Чекланган шерикчиликни таъсиси этиш ва уни рўйхатдан ўтказиш учун устав ва таъсис шартномаси талаб этилмайди. Мазкур ҳолатда Шартнома ва умумий ишларни юритиш сиёсати (инвестицион декларация) таъсис ҳужжатлари саналади.
Шартномада “чекланган шерикчилик” сўзларини ўз ичига олган чекланган шерикчилик номи ва унинг Тадбиркорлик субъектларини Ягона давлат реестрида рўйхатга олишда олинган СТИР рақами кўрсатилади.
Шартномада у тузилаётган санага қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
• чекланган шерикчиликнинг умумий мулкининг жами миқдори ва шерикларнинг уммуий ишга қўшган ҳиссаси таркиби тўғрисида;
• киритиладиган ҳисса миқдори, муддати ва тартиби тўғрисида;
• шерикларнинг умумий мулкига бўлган ҳуқуқдаги шериклар улушининг ниссбати ва кўрсатилган нисбатни ўзгартириш тартиби тўғрисида;
• ҳиссасини киритиш мажбуриятини бузганлиги учун шерикларнинг жавобгарлиги тўғрисида;
• чекланган шерикчиликнинг рўйхатга олинган офиси манзили ҳақида;
• ҳар бир бошқарувчи компаниянинг номи ва почта манзили ҳамда бошқа шартлар тўғрисида.
Шунингдек, Шартномада уни бекор қилиш шарти сифатида муддат ёки мақсад кўрсатилиши мумкин. Бунда унинг амал қилиш муддати 15 йилдан ошмаслиги керак.
Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестрида рўйхатдан ўтгандан сўнг бир вақтнинг ўзида чекланган шерикчилик қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органида рўйхатга олиниши шарт. Бунинг учун зарур ҳужжатлар илова қилинган ариза йўлланади
Қонун лойиҳасида шерикларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Шериклар умумий ишга ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Шериклар қуйидаги ҳуқуққа эга:
• умумий ишга қўшган ҳиссаси қийматига пропорционал равишда Шартномада иштирок этиш натижасида олинадиган даромаднинг бир қисмини олиш, агарда Шартномада бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса;
• Шартномада кўрсатилган тартиб ва ҳажмда шерикларнинг умумий ишини юритиш бўйича ҳужжатлар билан танишиш;
• Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач ёки белгиланган мақсадга эришгач, унда белгиланган тартибда умумий ишдаги ўз ҳиссасини олиш;
• қонун лойиҳаси ва Шартномада белгиланган қарорларни қабул қилишда иштирок этиш.
Шунингдек, қонун лойиҳаси умумий мажбуриятлар бўйича шериклар жавобгарлигининг чегарасини белгилайди. Шартномадан келиб чиқмайдиган умумий мажбуриятлар бўйича шериклар тенг жавобгардир. Бунда кўрсатилган умумий мажбуриятларнинг бузилиши судда аниқланган ҳолларда шерикларнинг жавобгарлиги юзага келади. Шерикларнинг қўшма инвестицион фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ умумий шартнома мажбуриятлари бўйича ҳар бир шерик пропорционал равишда шерикларнинг умумий мулки ҳуқуқидаги унга тегишли улуш қиймати доирасида жавобгар бўлиб, бошқа мулки билан жавобгарликка тортилмайди. Шерикларнинг умумий шартнома мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондириш учун умумий мулк қиймати етарли бўлмаган тақдирда, бошқарувчи шериклар барча мол-мулки билан биргаликда субсидиар жавобгардирлар.
Шунингдек, бошқарувчи компаниянинг мажбуриятлари белгиланди:
• қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ваколатли давлат органи белгиланган тартибда даромад ва харажатларни алоҳида ҳисоб-китоб қилиш;
• Шартнома асосида пул маблағлари билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш учун банк ҳисобварағи, банк ҳисобварақларини очиш;
• Шартнома доирасидаги фаолият бўйича солиқ ҳисоботини юритиш;
• Шартнома иштирокчилари рўйхатини юритиш ва улар ҳақидаги маълумотни олишга ҳақли давлат органи ёки шахсларга бундай маълумотларни бериш;
• Шартнома иштирокчиларига умумий ишни юритиш учун сарфланган харажатлар, унинг мукофоти суммаси ва Шартнома шартларига асосан ҳар бир шерикнинг умумий мулкдаги улушининг жорий миқдори тўғрисида маълумотлар тақдим этиш.
Шунингдек, Шартномада шериклар ўртасида фойдани тақсимлаш тартиби назарда тутилиши мумкин. Шартномада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, чекланган шерикчилик даромади шерикларнинг қўшма инвестиция фаолиятига қўшган ҳиссаси миқдорига мувофиқ тақсимланади.
Шартнома бўйича инвестицион фаолиятни амалга ошириш натижасида чекланган шерикчилик томонидан олинадиган фойда икки марта солиққа тортилмаслик учун Солиқ кодексига мувофиқ солиққа тортилмайди.
Солиқка тортиладиган сумма жисмоний шахслар учун тўлов манбаи сифатида кирим қилинадиган суммадан белгиланади ва юридик шахслар даромади сифатида маблағлар ҳисоб рақамга тушганда шерик ҳисобидан солиққа тортилади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси бошқа ахборотни, шу жумладан Шартнома тарафларининг ўзгариши, Шартномани ўзгартитиш, бекор қилиш ва тугатиш ва ҳ.к.ни ўз ичига олган.
Лойиҳа 27 июнгача муҳокамада бўлади. У ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь