Ўзбекистонда юк автомобиллари импортига божхона имтиёзи берилди
Жамият
−
08 июл 2644 2 дақиқа
Ўзбекистонда айрим юк автомобилларини импорт қилишда божхона божи ва утилизация йиғимига ноль ставка белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 июлда имзолаган “Автомобиль транспортида юк ташувларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қайд этилишича, қарор республика юк автомобиллари паркини янгилаш ва модернизация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро транспорт хизматлари бозорида маҳаллий ташувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт-импорт операциялари қийматида транспорт харажатларини камайтириш ҳамда ташқи бозорларга юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш мақсадида қабул қилинга.
Қарорга мувофиқ, юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини (самосваллардан ташқари) 2027 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг ва утилизация йиғимининг ноль ставкалари қўлланилади:
- “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 21, 8701 22, 8701 23, 8701 24);
- тўла вазни 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонасининг ички ҳажми камида 76 метр куб бўлган ярим тиркамалар (ТИФ ТН коди 8716 39).
Шунингдек, автотранспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган санадан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинганда ва/ёки қайта жиҳозлаш ТИФ ТН коди ўзгаришига олиб келганда (ёқилғи турини ўзгартириш билан боғлиқ қайта жиҳозлаш ҳолатлари бундан мустасно), ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган имтиёзлар бекор қилинади ҳамда тегишли туловлар белгиланган тартибда ундирилади.
Бундан ташқари, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия ўн кун муддатда ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган Европа стандартларига мос келадиган юк автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларни мажбурий сертификатлашдан вақтинчалик озод қилиш бўйича тегишли қарорни қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда заргарлик соҳаси учун 2029 йил 1 февралгача кенг имтиёзлар жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, заргалик саноатида иш ўринлари сонига қараб, қимматбаҳо металл ва олтин харидида 1-4 фоизгача чегирмалар берилганди.
Live
Барчаси