Ўзбекистонда етим болалар учун 500 долларлик омонатлар очилди

Жамият

image

Ўзбекистонда Президент топшириғи билан 8 мингдан ортиқ етим болаларга 500 долларлик омонатлар очилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 0 дан 17 ёшгача бўлган 8 минг нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонат депозит ҳисоб рақамлари очилган. Ҳар бир бундай ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ жойлаштирилган. Ушбу маблағлар йилдан-йилга капитализация ҳисобига жамғарилиб боради. Бола 18 ёшга тўлгач, ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш учун илк қарорларини қабул қилиши мумкин.

Шунингдек, 9 ёшдан юқори бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилган. Бу қулайлик, хавфсизлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган. Ижтимоий карта орқали жамоат транспортидан имтиёзли шароитларда фойдаланиш, харидлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шахсни тасдиқлаш, шунингдек ижтимоий ёрдам ва хизматларни олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин. Барча операцияларни “Барака” мобил иловаси орқали кузатиш ва назорат қилиш мумкин.

Ушбу қўллаб-қувватлаш давлат ғамхўрлигига алоҳида муҳтож бўлган болалар учун мўлжалланган:

  • маҳаллаларда истиқомат қилувчи етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
  • меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда SOS болалар қишлоқлари тарбияланувчилари;
  • ота-оналари Ўзбекистон сарҳадларини ҳимоя қилиш чоғида ҳалок бўлган болалар;
  • “Таскин” болалар хосписи ҳузуридаги болалар онкология шифохонасида даволанаётган болалар.

“Таскин” болалар хосписида даволанаётган болалар учун алоҳида тартиб белгиланган: депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар заруратга кўра ва қонуний вакиллар мурожаати асосида исталган вақтда банк картасига ўтказилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

етим болалар омонат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг