Ўзбекистонда янги телеканал иш бошлаши мумкин

Жамият

image

“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига "Parlament TV телеканалини ташкил этиш ҳақида"ги петиция эълон қилинди. 

“Сайлов кампанияси вақтида мен барча партияларнинг сайловолди дастурларини, фикр ва мулоҳазаларини телевидение, ОAВ, интернет орқали кузатиб бордим. Ҳар бир сиёсий партиянинг жараёнга муносабати турлича янгради. Буларни кўриб, “етти ўлчаб, бир кесиб” битта таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Яъни, партиялар орасида рақобат майдонини юзага келтириш учун “Parlament TV” телеканалини ташкил этишни таклиф қиламан”, дейилади мурожаатда. 

Маълумки, ҳозирда Ўзбекистонда бешта партия фаолият олиб бормоқда. Шу муносабат билан, ҳар бир партия депутатларининг иш жараёнлари ҳафтада бир марта кўрсатилиши таклиф қилинган. 

Шунда қайси партиянинг фаолияти тўғрисидаги эфирлар қачон намойиш этилишини билиб олган бўларди. Мисол учун, “Aдолат” социал-демократик партияси душанба куни ёки “Миллий тикланиш” демократик партияси сешанба куни ва ҳоказо. Шанба ва якшанба кунлари энг долзарб мавзулардаги кўрсатувлар такроран кўрсатилса, дам олиш кунларида меҳнат муносабатларида банд бўлган аҳолининг ҳам мазкур кўрсатувларни кўришларига имкон яратилиши маълум қилинган. 

Таъкидланишича, мазкур телеканал орқали маҳаллий кенгашлар фаолияти ҳам ёритиб борилиши зарур. Шунда ушбу телеканал чинакамига халқ билан депутатлар орасидаги асосий воситачига айланади. Бунда ҳар бир партия телеканал орқали ўзининг қилган ишлари билан халқ орасида ҳурмат қозонишни бошлайди. Халқ депутатларни танишни бошлайди, уларга ишонишни бошлайди. Aгар шу жараённи ташкиллаштирса, нафақат халқнинг ишончига, балки партиялардаги депутатларнинг маъсулият билан ишга ёндашишини таъминлаган бўлади. 

Мурожаатда айтилишича, бу билан бир тарафдан айрим тизимларда юз бераётган кўзбўямачилик, порахўрликнинг ҳам олди олинган бўларди. 

“Ишонинг, агар биз “Parlament TV” телеканалини ташкил қиладиган бўлсак, бажарилаётган ишларнинг сифати ҳам яхши томонга ўзгаришни бошлайди. Бу телеканал орқали партияларнинг бажараётган ишини мамлакатимиз аҳолисига, шунингдек, чет эл жамоатчилигига ҳам кенг кўламда етказиб борамиз. Ҳар бир жараённинг мазмун-моҳиятини изчил ва тизимли очиб бериш орқали жамиятимизда ватанпарварлик ҳиссини шакллантирган бўламиз. Халқ сайловда овоз берган депутатининг қилган ишларини кўриб, у билан ғурурланишни бошлайди ёки аксинча...

“Parlament TV” телеканали орқали халқ билан депутатлар орасида “мунозара майдони”ни яратган бўламиз. Халқ билан депутатлар орасидаги бефарқлик, лоқайдликни олдини олган бўламиз. Муҳим масалаларни очиқ муҳокама қилиш учун кенг жамоатчилик вакиллари билан теледебатлар ўтказилса ҳам нур устига нур бўлар эди”, деб якунланади мурожаат. 

Изоҳларда эса фуқароларнинг Алишер Қодировни гапларидан кейин парламентга нисбатан ҳафсаласи пир бўлгани айтилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

телеканал

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг