Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилди

Жамият

image

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда идоранинг “Янги Ўзбекистон” газетаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кўкрак нишони билан Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалар ҳамда бошқа юридик шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:

  • номзодларнинг мамлакатда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, шунингдек аҳоли ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширган фаолияти;
  • миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини оширишдаги иштироки;
  • хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти;
  • жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиқилгани.

Кўкрак нишони ҳар йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни арафасида қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Нишон билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Унинг олд томони пастки қисми марказида кўтарилаётган қуёш нурлари ҳамда ҳилпираб турган Ўзбекистон Республикасининг рангли байроғи фонида зарҳалланган Ўзбекистон Республикаси харитаси ҳамда меридианлари ва параллелларини акс эттирган кўк рангдаги Ер шари тасвири жойлашган. Унинг юқори қисмида дўстлик ва эрксеварлик рамзи бўлган Ҳумо қуши тилла рангда тасвирланган.

Кўкрак нишони айланаси бўйлаб зарҳал ҳошияли оқ эмаль фонидаги доира билан ўралган. Айлананинг юқори қисмида ҳарфларининг баландлиги 3 миллиметр бўлган “XALQLAR DO‘STLIGI” сўзлари ёзилган. Унинг пастки четлари бўйлаб фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи иккита дафна япроғи жойлаштирилган.

Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Унинг қалинлиги — 2,5 миллиметр. Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир. Нишоннинг олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг