Ўзбекистонда яна иккита қадимий қоятош суратлари топилди
Жамият
−
03 Декабрь 2021
14889Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани ҳудудидаги Сийпантош ёдгорлиги қайта ўрганилиши натижасида унинг атрофида янги қоятош расмлари аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар берди.
Қайд этилишича, Зарафшон тоғ тизмаси таркибидаги Қоратоғда жойлашган Сийпантош ёдгорлигидан 400-500 м баландликда, маҳаллий аҳоли Оқбулоқ деб ном берган булоқ атрофларидан янги суратлар топилган.
Шунингдек, Сийпантошдан тахминан 2-3 километр шимолроқда Хўжавулмирбарака қабристонидан 100-150 метр ғарбда ҳам янги қоятош расмлари аниқланган.
Бу расмлар тошда чўкичлаб ишланган бўлиб, уларда одамлар, ҳайвонлар, ўқ ёйлар, турли хил геометрик белгилар акс этган. Тадқиқотлар натижасида қоятош расмларида кўпроқ тоғ эчкилари акс эттирилгани аниқланган. Янги топилмаларнинг иккинчи тўплами катта тошнинг ичида ҳосил бўлган айвоннинг шипида қизил охра билан чизилган. Расмда қўл панжалари акс этган.
Таъкидланишича, топилган қўл панжалари Сийпантошдаги қўл панжаларига ўхшаш. Янги топилган расмлар Сийпантош қоятош расмлари қадимий эканлигидан далолат беради. Шунингдек, улар қадимги аҳолининг мифологик ва диний дунёқараши, тасаввурларини ўрганишда илмий манба бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, Сийпантош ёдгорлигининг расмлари 2001 йилда Р.Х. Сулайммонов томонидан аниқланган.
LiveБарчаси