Ўзбекистонда ЯИМ ҳажмини 2 баробар ошириш учун бор имконият ишга солинади
Жамият
−
08 Май 2023
4186Ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солиш керак. Бу фикрларни бугун, 8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган чиқишида айтиб ўтди.
“Одамларимизнинг ўсиб бораётган талабларини қондириш учун ҳозиргидан кўра икки карра кўп ишларни бажаришимиз керак”, дейди Мирзиёев.
Мамлакатда камбағаллик борлиги тан олиниб, алоҳида дастурлар асосида уни қисқартириш бўйича катта иш олиб борилмоқда.
Шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида “учта дафтар”, ижтимоий реестр тизими йўлга қўйилиб, салмоқли натижаларга эришилди.
“Асосийси, фуқаролар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда. Лекин ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бу борада одамларимиз янгиланган Конституциядан, биз жорий этаётган янги тизимдан кўп нарсаларни кутмоқда. Аҳолимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш учун, энг аввало иқтисодий ўсишни таъминлаш зарур”, дейди Мирзиёев.
Ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солиш кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу – аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 4 минг долларга етади, дегани.
“Биз бундан буён ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини янада соддалаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш борасидаги ишлар жадал давом эттирилади”, дея қўшимча қилди Президент.
Ҳукуматга 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича уларнинг маблағлари, ижро механизмлари, бу масалада масъул вазирлик ва ҳокимликлар аниқ кўрсатилган алоҳида дастур ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15