Ўзбекистонда вакцинанинг ножўя таъсири кузатилдими? Қурбонов жавоб берди

Жамият 4650
image

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов Ўзбекистонда ўтказилаётган вакцинация, аҳолини оммавий эмлаш тадбирлари бўйича саволларга жавоб берди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ботир Қурбонов айни пайтда Ўзбекистонда қанча вакцина бор ва тўлиқ эмланиш учун неча марта вакцина қабул қилиш кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Бутун дунё, хусусан, мамлакатимизда бир йилдан ортиқ давом этаётган пандемия даври жамиятимизга  ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. 

Юқумли касалликлар бўйича энг самарали профилактика бу вакцинация, аҳолини оммавий эмлаш ҳисобланади. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари қаторида ўтган йил декабрь ойидан бошлаб юртимизда ҳам аҳолини оммавий эмлаш жараёнларига тайёргарлик бошлаб юборилган эди.
 
Хабарингиз бор, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd компанияси томонидан юртимизда 3-босқич синовлари муваффақиятли ўтган, ўзбекистонлик мутахассислар ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1 миллион дозаси Хитойдан олиб келинган эди. 

Бундан олдинроқ эса, COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида 660 минг доза COVID-19 га қарши  AstraZeneca вакцинаси  ҳам олиб келингани ҳақида хабар берган эдик. Шу кунларда қизғин давом этаётган  вакцинация жараёнлари учун жами 1 миллион 660 минг доза миқдоридаги вакцинадан фойдаланилмоқда”, дейди Қурбонов.

Унинг айтишича, фуқаролар AstraZeneca вакцинасини икки марта, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини эса уч марта қабул қилгач, тўлиқ эмланган ҳисобланади. Фуқаролар қайси вакцина билан эмланишни ўзлари танлаши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда вакцина олганлар сони салкам 50 мингга етган. Қайд этилишича, шу кунга қадар эмланганлар орасида бирор марта ножўя таъсирлар кузатилмаган.

 

Орзугул Каримова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 98
Рейтинг: 3
t
×