Ўзбекистонда вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлар учун жавобгарлик ўзгарди

Жамият 1016
image

Бугун, 11 октябрь куни ўз ишини бошлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 23-ялпи кун тартиби доирасида "Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги Қонун муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.

Ушбу қонунга кўра, Ўзбекистонда вақтинча бўлиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан:
Фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан, турган жойи бўйича доимий пропискасиз ёхуд ҳисобга турмасдан яшаши, паспортни қасддан яроқсизлантириши ёки бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида паспортнинг йўқолиши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳақиқий бўлмаган яшаш гувоҳномаси билан яшаши, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаши, яшаш гувоҳномасини қасддан яроқсизлантириши, бепарволик билан сақлаши ва бунинг оқибатида яшаш гувоҳномасининг йўқолиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, шунингдек фуқаролар томонидан ўз турар жойларида шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйилган ҳолларда – энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солинади.

Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча прописканинг, кўчишнинг ёки яшаш жойини танлашнинг белгиланган тартибига риоя этмагани, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш қоидаларига ўн суткагача риоя этмагани — энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.

Чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини ўн суткадан ортиқ, аммо ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга бузганда – энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида, ўттиз суткадан ортиқ муддатга бузганда — энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима тўлови ундирилади.

Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларида назарда тутилган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилиш тартибини мансабдор шахс томонидан бузиш – мансабдор шахсга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима белгиланади.

Ўн саккиз ёшгача бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарлик қўлланмайди.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузгани учун белгиланган жаримани тўламаган тақдирда, кейинчалик Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи бир йил муддатга чекланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилади.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузишни маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этган тақдирда, кейинчалик Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилади.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 18
Рейтинг: 3.1
Будьте в курсе событий!
×
×