Ўзбекистонда ўлим ҳолатлари асосан қайси касалликлар билан боғлиқлиги айтилди
Саломатлик
−
25 Октябрь 2020
16258Айни вақтга келиб Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар 549 нафарни ташкил этмоқда. Албатта, бу расмий рақам. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, коронавирус тести ижобий бўлмаган, бироқ коронавирус аломатлари билан вафот этганлар ушбу рўйхатга киритилмайди. Демакки, мамлакатда ушбу хавфли вирусдан вафот этганлар бир неча баравар кўп бўлиши ҳам мумкин.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тиббий ходимларни касбий малакасини ривожлантириш марказининг Валеология кафедраси мудири Шуҳрат Иргашевга кўра, Ўзбекистонда 78 фоиз ўлим ҳолатлари ноинфекцион касалликлар ҳиссасига тўғри келади.
“Кўпчилик қандайдир хасталикка учрагандан сўнггина соғлигига эътибор қаратади. Аслида эса, бетоб бўлмаслик учун саломатлигимизга эътибор беришимиз зарур. Соғлом бўлиш, иммунитетимизни кучайтириш учун эса, биринчи навбатда соғлом турмуш тарзига доимий равишда амал қилишимиз талаб этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига боғлиқ бўлади.
Шундай экан соғлом турмуш тарзига амал қилган инсонлар, аввало, касал бўлмайди, бирон жойи оғриб қолганда ҳам тез ва осон саломатлигини яна қайта тиклаб олади. “COVID-19” инфекцияси кенг тарқалган бугунги таҳликали замонда ҳам бу ўз исботини топмоқда. Ортиқча вазн ёки бирор ёндош касалликлари бор, соғлиғига етарлича эътибор бермайдиган кишиларга вирус юққанда оғир оқибатларга олиб келгани кузатилмоқда. Аксинча, иммунитети кучли, соғлом турмуш тарзига амал қилувчи кишилар, ёшидан қатъий назар, вирусни тез ва осон енгиб ўтмоқда”, дейди Иргашев.
Таъкидланишича, биринчи навбатда, соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик ноинфекцион касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Булар:
• юрак қон-томир;
• қандли диабет;
• онкологик;
• нафас йўллари хасталиги каби касалликлар.
“Ўзбекистонда 78 фоиз ўлим ҳолатлари айни шу хасталиклар билан боғлиқ. Юқумли бўлмаган касалликлардан бири билан оғриган беморларга коронавирус инфекцияси соғлом одамга нисбаттан кучлироқ таъсир қилади ва оғир оқибатларга олиб келади. Хўш, юқумли бўлмаган хасталикларга чалинмаслик учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда тўғри ҳаёт тарзини йўлга қўйиш талаб этилади”, дейди мутахассис.
Соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг эса, 4 асосий йўли мавжуд. Булар:
• тўғри овқатланиш;
• жисмоний фаоллик;
• руҳий саломатлик;
• зарарли одатлардан воз кечиш.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзининг мана шу тўрт қоидасига амал қилишни аҳолининг одатига, кундалик турмуш тарзига айлантириш ишлари жадал равишда олиб борилмоқда. Аммо бунга фақатгина тарғибот-ташвиқот ишлари ёки бир иккита тадбир ўтказиш билангина эришиб бўлмаслиги аниқ. Бу борада аниқ бир механизм, узоқ муддатли тизимни йўлга қўйишимиз зарур. Қачонки халқимиз онгли равишда ўз истаги билан соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилишга одатланса, уни ҳаётини бир бўлаги сифатида қарасагина самарали натижага эришишимиз мумкин.
Бу эса, мамлакатимиздаги кўпгина муаммолар: шифокор, шифохоналар ва керакли дори-дармонлар етишмовчилиги кабиларни ҳал этишга ҳам ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, эндиликда касалликни даволаш эмас, аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом инсон, соғлом оила ҳамда соғлом жамиятни яратишга ҳаракат қилишимиз зарур”, дейди шифокор.
LiveБарчаси