Ўзбекистонда Tax Free тизими ишга тушириляпти
Жамият
−
10 Ноябрь 2022
9534Чет элликлар 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда амалга оширган харидлари учун ҚҚС (Қўшилган қиймат солиғи)ларини қайтариб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Бу бўйича 8 ноябрь куни “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан чет давлат фуқароларига улар томонидан Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини қайтариш — Tax Free тизими тажриба тариқасида жорий этилади.
Ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади. Бунинг учун умумий қиймати камида 1 млн сўм бўлган Tax Free тизими татбиқ этиладиган товарларни харид қилиш лозим.
Чет эл фуқаролари Tax Free'дан фойдаланиш учун “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва харидлари бўйича тақдим этилган онлайн-НКТ фискал чекларини сканерлаши керак бўлади.
Қайд этилишича, суммани ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисобварағига ўтказиб бериш тизим оператори “Солиқ-сервис”ДУК томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур жараёнларни “Солиқ” мобил иловасида онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин бўлади.
Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудини Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари орқали тарк этганда тизим операторига мурожаат қилган ҳолда маҳсулот харид қилган пайтдан бошлаб 3 ой ичида ҚҚС суммасини қайтаришни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.
Tax Free суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетгани тасдиқлангандан сўнг, харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.
LiveБарчаси