Ўзбекистонда тадбиркорлар энг кўп қайси масалада коррупцияга дуч келиши аниқланди

Жамият

image

Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлар ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда респондентларга тадбиркорлар коррупцияга кўпроқ қайси жараёнларда дуч келган, тадбиркорликнинг эркин ривожланиши, бизнесда барча учун тенг имконият ва шароит яратишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар қайси соҳаларда учрамоқда сингари саволлар берилган.

Сўровнома 2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар ўртасида Палатанинг расмий Telegram канали орқали ташкил этилди.

Ўтказилган сўров давомида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 1267 нафар тадбиркор иштирок этди. Иштирокчиларнинг асосий қисми Самарқанд (20 фоиз), Фарғона (17 фоиз), Андижон (14 фоиз), Тошкент (11 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.

Уларнинг деярли учдан бир қисми (31 фоиз) 10 йилдан ортиқ, 40 фоизи бир йилдан уч йилгача бўлган муддатда тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқда.

Сўров давомида тадбиркорлардан коррупцион ҳолатга тўқнаш келгани ёки келмагани сўралди. Респондентларнинг 69 фоизи коррупцион ҳолатга кўп маротаба, 9 фоизи бир маротаба тўқнаш келганлигини таъкидлаган бўлса, 22 фоиз тадбиркорлар умуман дуч келмаганлигини билдирган.

“Қайси соҳада тадбиркор кўпроқ коррупцион муносабатларга киришишга мажбур бўлади?” деган саволга тадбиркорларнинг 30 фоизи ер майдони олишда, 21 фоизи кредит ажратилишида, 17 фоизи текширув ўтказилиш жараёнида, 9 фоизи лицензия олишда деб жавоб берган. Шунингдек, давлат имтиёзи ёки грантларини олишда (6 фоиз), кўчмас мулкни сотиб олиш ёки ижарага олишда (4,6), электр ёки иссиқлик тизимларига уланишда (3,7 фоиз) божхона кўригидан ўтишда (3 фоиз) деган жавоблар ҳам белгиланган.

Сўровнома жараёнида берилган овозлар шуни кўрсатадики, иштирокчиларнинг 54 фоизи охирги бир йил давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида мансабдор шахсларга норасмий тўлов ёки совға қилишга мажбур бўлганини таъкидлаган. 46 фоизи эса ушбу саволга йўқ дея жавоб берган.

Қилинган совға ёки берилган маблағнинг миқдори сўралганда 38 фоиз тадбиркор 1 миллиондан 10 миллион сўмгача вариантини танлаган. Шу билан бирга 19 фоизи 100 минг сўмгача, 18 фоизи 1 миллион сўмгача жавобларини танлашган бўлса, 15 фоиз тадбиркор 10 миллиондан 100 миллион сўмгача, 9 фоиз тадбиркор 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ берганини билдирган.

Респондентларнинг 51 фоизи ўзи дуч келган коррупция ҳолатлари тўғрисида ҳеч қайси органга мурожаат қилмаган, 11 фоизи мурожаат қилишдан қўрқади, 7 фоиз тадбиркорларнинг мурожаати кутилган натижани бермаган. 19 фоиз тадбиркорлар коррупцияга дуч келмаганини билдирмоқда. Шунингдек, респондентларнинг 4 фоизи коррупцияга дуч келганда кимга мурожаат қилишни билмайди, 3 фоизи қай тартибда мурожаат қилишдан бехабар бўлса, 3 фоиз тадбиркорнинг коррупцион ҳолат бўйича мурожатига ижобий ечим топилган.

Бундан ташқари тадбиркорларга “Қайси давлат органи мансабдор шахслари фаолиятингизни текшириш, ўрганиш билан қўрқитиш ёки масалангизни ҳал этишда коррупцион муносабатга киришишга мажбур қилган?” саволи бўйича ҳам мурожаат қилинган.

17 фоиз тадбиркорлар бу саволга ҳокимлик, 17 фоизи солиқ идоралари, 13 фоизи кадастр хизмати идоралари, 7 фоизи санитария-эпидемиология хизмати, 7 фоизи банклар, 6 фоизи прокуратура органлари дея жавоб қайтаришган.

Қайд этилишича, ушбу сўров натижалари сўнгги пайтларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар боис тадбиркорлик соҳасида рухсат бериш, лицензиялаш, солиққа тортиш, текширувларни чеклаш жараёнлари анчагина соддалаштирилган бўлса-да, тадбиркорларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини кафолатлашга масъул бўлган давлат органлари тадбиркорларни коррупция муносабатларига киришишга мажбур қилиш ҳолатларига батамом чек қўймаганини кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг