Ўзбекистонда сўз эркинлиги чекланган – Amnesty International

Жамият

image

Ўзбекистон сўз эркинлиги, тинч митинглар ва йиғинлар кескин чекланган давлат бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда “Amnesty International” ташкилотининг 2021 йил учун тақдим этган янги ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботда мамлакатда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик ва қийноқларнинг олдини олиш борасида қатор силжишлар содир этилгани қайд этилган. Бироқ Ўзбекистонда қийноқлар қўлланилиши давом этмоқда. Унга кўра, ҳозирда камида 2 000 киши диний сабабларга кўра қамоқхоналарда сақланмоқда.

Жиноят кодексига “Президентни ҳақорат қилиш” банди киритилиб, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланиши мустақил журналист ва блогернинг фаолиятига тўсқинлик қилади. 

Халқаро оммавий ахборот воситаларига кўра, Ўзбекистонда сайлов ҳисобига сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашган. Хусусан, ўтган йилнинг август ойида президентлик сайловларини бойкот қилишга чақиргани учун “президентни ҳақорат қилиш”да айбланган блогер Валижон Калонов ҳамон қамоқда қолаётгани кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, ҳисоботда ўтган йилнинг май ойида блогер Отабек Сатторий “туҳмат ва товламачилик”да айбланиб 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани қўшиб ўтилган.

“Amnesty International” Сурходарёнинг Денов туманида қийноқларда гумон қилинган икки ҳуқуқ-тартибот ходими июль ойида ҳибсга олингани, бироқ тез орада уларга қўйилган айбловлар олиб ташланганини урғулаган. Декабрь ойида эса Самарқанд вилоятидан икки нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори қўлга олинган ҳайдовчини ўлдиришда айбдор деб топилиб, ҳар бири 2 йил 10 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

“Amnesty International” кўплаб чақириқларга қарамай, Ўзбекистон жамияти учун ёт бўлган ноодатий жинсий ориентацияга эга бўлиш ҳали ҳам жиноят ҳисобланишини айтиб ўтган.

Ташкилот QALAMPIR.UZ ўтган йилнинг апрель ойида эълон қилган маълумотга таяниб, Ўзбекистон қамоқхоналарида бесоқолбозликда айбланиб, қамалган 49 нафар шахс борлигини келтириб ўтган. Шунингдек, 2016 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистонда ушбу айблов бўйича 44 киши судлангани қўшимча қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг