Ўзбекистонда сунъий уруғлантириш тартиб-қоидалари тасдиқланди

Жамият 5965
image

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан ёрдамчи репродуктив технологияларни амалга ошириш тартиби тасдиқланди.

Ёрдамчи репродуктив технологиялар (ЁРТ) - бу уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичларида аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидир.

Эслатиб ўтамиз, ЁРТдан фойдаланиш “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонун билан регламентланган.

ЁРТ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги асосида репродуктология ихтисослиги бўйича фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади. Бу ҳақда белгиланган шаклда тегишли ариза берилади. Таомилни амалга ошириш чоғида клиникалар шифокорлик сирини ва ахборотнинг махфийлигини сақлайди.

Бепуштлик сабабларини аниқлаш ва ЁРТдан фойдаланиш мақсадида биринчи навбатда беморлар бирламчи текширувлардан (жами 5 та тур) ўтишади. Текширувлар давомийлиги - 6 ойдан кўп бўлмаган муддат. Бепуштлик сабаби аниқланган беморларда даволаш (консерватив ва жарроҳлик) ўтказилгандан сўнг 9-12 ой давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, улар ЁРТ ёрдамида даволанишга юборилади. 35 ва ундан катта ёшдаги аёллар шифокорлар консилиумининг қарори бўйича ушбу муддат ўтгунга қадар даволаш босқичини четлаб ўтиб, ЁРТга юборилади.

Текширув натижаларига кўра беморларга экстракорпорал уруғлантириш, сунъий уруғлантириш, хэтчинг, криоконсервация ва сперматозоиднинг интрацитаплазматик инъекцияси каби ЁРТ усуллари тайинланади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 295
Рейтинг: 2.8
t
×