Ўзбекистонда шифокорларни дўппослаш энди қамалишга сабаб бўлади
Жамият
−
02 Март 2023
4130Бугун, 2 март куни Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Хусусан, сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.
Қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1977-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ушбу Кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Сергели туманида тез ёрдам ходимлари калтаклангани акс этган видео тарқалди.
Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиалига Сергели тумани 4-даҳасидаги хонадонларнинг биридан чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг, тез-тиббий ёрдам бригадаси ходимлари – шифокор Т.А. ва фельдшер Х.О. белгиланган манзилга саноқли дақиқалар ичида етиб борган.
Калтакланиши оқибатида жиддий тан жароҳати олган 1979 йилда туғилган бемор аёл А.А.га “103” бригадаси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, фельдшер Х.О. беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб, уни зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига олиб бориш кераклигини айтган.
Шу пайт беморнинг таниши, 1990 йилда туғилган фуқаро К.А. уни гўёки А.А.га яхши қарамаётганликда айблаб, фельдшерга таҳдид қилган. Қолаверса, фуқаро тиббиёт ходимини ҳимоя қилган тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси, 1970 йилда туғилган Т.С.ни уриб, унга жиддий тан жароҳати етказган.
LiveБарчаси