Ўзбекистонда саратонни 99 фоиз даволовчи дори яратилгани рад этилди
Жамият
−
25 Март 2023
11104Аввалроқ, ўзбек олимлари томонидан онкологик касалликларни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур маълумот юзасидан баёнот бериб, ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Айтилишича, бу дори воситаси радиофармпрепарат сифатида АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида фақатгина простата бези ва нейроэндокрин ўсмалар диагностикаси ва муолажасида қўлланилади.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов ушбу дори ҳақида маълумот бериб, бу препарат вақтинчалик восита эканини айтиб ўтган.
“Хорижий тажрибага асосланган ҳолда шуни айтиш мумкинки, ушбу восита простата бези саратонининг 4-босқичида суякда метастазланиш жараёнидагина ишлатилади. Бу препарат вақтинчалик восита ҳисобланади ва беморларнинг ҳаётини узайтиришга имконият яратади”, дейди у.
Қайд этилишича, препарат шу кунгача мамлакатимиздаги битта тиббиёт муассасасида фақат 3 нафар беморда қўлланилган ҳамда мутахассислар фикрига кўра, хаста инсонларда ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва уларни безовта қилаётган оғриқлар сезиларли даражада камайган.
Шу билан бирга, ҳар қандай янги дори воситаси амалиётда фойдаланилишидан токи самараси тасдиқланишига қадар турли изланишлар, ўрганишлар олиб борилиши ва самарадорлиги тўғрисида тегишли хулосалар қилиниши учун узоқ вақт талаб этилиши қўшимча қилинган.
“Афсуски, дунёда барча саратон касалликларини тўлиқ даволай оладиган универсал дори воситаси ҳозирча мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситаларидан инсонлар ҳаёти билан боғлиқ бу каби муҳим янгиликларни жамоатчиликка етказишда эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь