Ўзбекистонда “права”ни олиб юриш талабини бекор қилиш таклиф этилмоқда

Жамият

image
0:00
0:00
download

Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воситасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмаганлиги учун жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш таклиф қилиняпти. “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида шундай петиция жойлаштирилди.

“Бугунги кунда турмуш ташвишлари билан бўлиб аксарият ҳолатларда ҳайдовчилар муайян ҳужжатларни уйда ёки ишда қолдирган ҳолда транспорт воситасини ҳайдашига тўғри келиб қолади. Бироқ ушбу ҳолатда ДЙҲХХ ходимлари томонидан ҳайдовчига жарима солинади. Шу сабабли, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш керак”, дейди петиция муаллифи.

Шу сабабдан мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи 135-моддаси 1-қисмига ўзгартириш киритиш таклиф қилинган. Бу модда санкциясига кўра, қоидабузар БҲМнинг 1 баравари миқдорида жаримага тортилади.

“Ҳозирда барча ДЙҲХХ ходимлари махсус планшетлар билан жиҳозланган ва улар ягона маълумотлар базасига уланган. Маълумотлар базасида транспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномалари ва ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Маълумотлар базасида ҳайдовчилар тўғрисидаги барча маълумотлар жойлаштирилган ва ушбу базага бармоқ изи орқали идентификация қилиш тизими жорий этилган бўлса, у ҳолда тегишли ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмагани учун жарима қўллашнинг нима зарурати бор?!”, дейилади мурожаатда.

Шу сабабли транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини рақамли технологиялар (планшет) воситасида аниқлаш ва ушбу ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлмагани учун жавобгарликни қўллаш амалиётини бекор қилиш таклиф этилмоқда. 

Порталда жойлаштирилган петиция ҳозиргача 12 911 та овоз олган. Эндиликда таклиф Олий Мажлисда кўрилиши керак. 

Аввалроқ, Қозоғистонда ҳайдовчилар автотранспорт воситаларини ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасисиз бошқариш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳайдовчилик гувоҳномаси

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг