Ўзбекистонда озарбайжонлик депутатнинг сифатсиз чоп этилган китоби тақдимоти ўтказилди

Жамият

Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ганира Пашаева кеча, 23 сентябрь куни Ўзбекистонга келди. Ёзувчилар уюшмасида унинг “Оч эшикни” номли шеърий тўплами тақдимоти ўтказилди. Мазкур тўпламни Ҳосият Рустамова таржима қилган. 

Ганира Пашаева ташриф аввалида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саид билан учрашиб, самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. 

Тақдимот маросимида Ўзбекистоннинг энг кўзга кўринган шоир ва ёзувчилари, таржимонлари иштирок этди. Унда ўзбек ва озар адабиётининг ўзаро боғлиқ нуқталари ҳақида сўз борди. Низомий ва Навоий ижоди икки халқ маданиятини ўзига боғлаб турувчи кўприк экани ва у бугунги замонавий адабиёт мисолида ҳам давом этаётгани таъкидланди. 

Маълумки, Ўзбекистон куни кеча Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилди ва ташкилотнинг ҳақли аъзосига айланди. Тадбирда сўзга чиққан Ганира Пашаева буни алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистонни ўз Ватани деб билиши, уни Ватани каби севишини баралла айтди. 

Шеърий тўплам бор-йўғи 1000 нусхада чоп этилганига қарамасдан, жуда сифатсизлиги унинг муқовасидан кўриниб турибди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ноширликка қаратилаётган эътибор, қабул қилинаётган қарорлар хусусий нашриётлар фаолиятида у қадар катта ўзгаришларга туртки бўлмаганини биргина Ганира Пашаеванинг Ўзбекистонда нашр этилган китоби мисолида кўриш мумкин. 

Китоб “Лессон пресс” нашриётида чоп этилган. Унда фойдаланилган қоғоз ва сиёҳ шу қадар сифатсизки, варақнинг у бетидаги ёзув нариги бетига қоришиб кетган. Бу эса уни мутолаа қилиш жараёнида ўқувчига қийинчилик туғдиради. Айниқса, кўз касалликларига чалинган, кўзойнакдаги фойдаланадиган ўқувчилар китобни ўқишда анча қийналиши аниқ. Кўз касалликлари бўйича шикояти бўлмаган ўқувчиларга эса бу китобни ўқимаслик тавсия этилади. Чунки, шунчаки варақлаб кўриш жараёнининг ўзидаёқ кўзларингиз жимирлаб кетиши шубҳасиз. 

Хорижлик ёзувчининг китобини бу алфозда чоп этиш кулгили эмасми? Ёзувчилар уюшмаси шоирага тўн кийдиргунча, унинг меҳнатини сифатли ҳолда ўқувчининг қўлига етказиш устида кўпроқ ишласа, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Ганира Пашаеванинг навбатдаги учрашуви QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолари билан бўлди. 

QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Ганира Пашаевани Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, икки мамлакат журналистлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини эътироф этди. Ганира Пашаеванинг ижоди билан яхши танишлигини билдирди. 

“Ўзбекистон ҳақида ёзган мақолалаларингиз, Самарқанд ва Бухоро ҳақида ОАВдаги чиқишларингизни ўқиб, Ватанимизга бўлган ҳурматингиздан бошимиз осмонга етди. Бизни боғловчи ришталар жуда кўп. Улар қаторига Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ҳам қўшилди. Шу боис сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз рамзий маънога эга”, дейди Қамариддин Шайхов. 

“Ўзбекистоннинг ушбу кенгашга аъзо бўлганидан жуда мамнун бўлдик. Мамлакатингиз жуда бой тарихга, беқиёс маданий меросларга эга. У Навоийдек буюк шоирларга бешик бўлган замин. Мен ҳар сафар Ўзбекистонга келганимда ўзимни ўз юртимдагидек ҳис этаман. Чунки одамларимиз, таомларимиз, тилимиз бир-бирига жуда ўхшаш. Бу сафар Фарғонани кезмоқчиман. Водийга бориб, Ўзбекистоннинг танти, ҳалол ва меҳнаткаш халқи билан суҳбатлашиш ниятидаман”, дейди Ганира Пашаева. 
                   
Ганира Пашаева 2005 йилдан буён Озарбайжон Парламенти аъзоси. У 1975 йилда Товуз районида таваллуд топган. Озарбайжон давлат тиббиёт университетини тамомлаган. Қолаверса, ҳуқуқшунос сифатида ҳам таълим олган. У фаолиятини 1998 йил ANS телеканалида мухбир ўлароқ бошлаган.

Ганира Пашаева турк тилида ҳам шеърлар ёзади. Унинг турк тилидаги икки китоби Туркияда нашр этилган. У Туркияда ҳам таниқли сиёсатчи сифатида тилга олинади.

Депутат тақдимотдан сўнг Фарғона водийсига жўнаб кетди. 26 сентябрга қадар водий шаҳарларида бўлиб, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар билан учрашув ўтказади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ёзувчилар уюшмаси Ганира Пашаева

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг