Ўзбекистонда олтин, кумуш ва мис ишлаб чиқариш ошди

Жамият

image

Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоиз, мис 41 фоиз, кумуш 60 фоизга ошди. Бу ҳақда бугун, 1 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида металлургия корхоналарини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган тақдимотда сўз борган. 

Маълумки, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати ҳамда “Навоийуран” давлат корхонаси мамлакат иқтисодиётида катта ўрин тутади.  Сўнгги йилларда бу тўртта корхонага 7 миллиард 400 миллион доллар инвестиция киритилган. Бунинг натижасида олтин ишлаб чиқариш ҳажми 23 фоиз, мис 41 фоиз, кумуш 60 фоизга ошган. Навоий комбинатида янги конлар ўзлаштирилиб, 3 та завод ишга туширилган. Ўзметкомбинат ва Навоийуранда ҳам ишлаб чиқариш кўпайган.

Умуман, ўтган 6 йилда ушбу корхоналарнинг жами саноатдаги улуши 10 фоиздан 17 фоизга, бюджет тушумларида эса 11 фоиздан 25 фоизга ошган.

2030 йилгача мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 2 баробар ошириш мақсад қилинган. 

Тақдимотда мутасаддилар ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш ва инвестициялар жалб этиш бўйича режаларини баён қилгани айтилмоқда.

Давлат раҳбари хорижий экспертларни жалб этиб, комбинатларни рақамли трансформация қилиш, бунда “яшил” технологияларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтган. Инвестицияларни ўзлаштириш ва янги лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.

Ишлаб чиқаришда операцион харажатлар ва энергия сарфини мақбуллаштириб, таннархни қисқартириш вазифалари қўйилган. Шунингдек, комбинатларда меҳнат унумдорлигини ошириш, раҳбар ва мутахассислар фаолиятига самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) жорий қилиш муҳимлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг