Ўзбекистонда одамларнинг чўнтагини қуритиб, чет элга “сурган” шахс қўлга тушди
3-саҳифа
−
15 Март 2023
12256Ўзбекистонда бир қанча фирибгарлик содир этиб, хорижга ноқонуний равишда чиқиб кетган ва жиноий фаолиятини у ерда ҳам давом эттирган шахс Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент ва Латвия пойтахти Ригада фаолият юритувчи Интерпол Миллий марказий бюро (ММБ)ларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли фирибгарликда айбланаётган халқаро қидирувдаги жиноятчи Ўзбекистонга берилган.
Аниқланишича, қидирувдаги шахс бир неча йиллар давомида Ўзбекистондан Америка Қўшма Штатларига чиқиб кетмоқчи бўлганларга ўзини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходими сифатида таништирган. Шунингдек, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, хорижга чиқишга рухсат олишда ўз хизматларини таклиф қилган. Бу хизматлари учун маълум маблағ олган. Шу тариқа, фирибгардан кўпгина одамлар жабр кўрган.
У Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин шахсий маълумотларини ўзгартириб, хорижий давлатнинг сохта паспортидан фойдаланган ҳолда, жиноий фаолиятини давом эттирган. Ўзини ҳамон элчихона ходими сифатида таништириб, барча хизматларни кўрсатиб, фирибгарлик йўли билан жабрланувчиларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олган.
Бироқ қидирувда бўлган шахсни аниқлаш бўйича узоқ давом этган жараёнга қарамай, унинг чет эл паспортини сохта, шахсий маълумотларини эса ҳақиқий эмас деб топиб, Тошкент ва Рига Интерпол ММБларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланиб, у қўлга олинган.
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилгандан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамкорлигида адолат қарор топиши учун Ўзбекистонга олиб келинган.