Ўзбекистонда муаммоли кредитларнинг улуши ортмоқда

Жамият

image

Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, муаммоли кредитларнинг (NPL) Ўзбекистон банклари портфелидаги улуши 4,4 фоизга етди. Бир ой олдин эса бу кўрсаткич 3,6 фоизга тенг эди. Бу ҳақда Марказий банк сайтида хабар берилган.

Муаммоли кредитларнинг кўрсаткичи шу зайлда ўсишда давом этмоқда. Айниқса “Ўзмиллийбанк”, “Агробанк”, “Халқ Банки”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Асакабанк”да бу тенденция юқори. 

Муаммоли кредитларга (Non-performing loan, фаолиятсиз кредитлар) тўлаш вақти 90 кундан ортиққа кечиккан, қониқарсиз, шубҳали ва ишончсиз, деб таснифланган кредитлар киради.

Ўзбекистон банк тизими 2020 йилни 2,1 фоиз даражасида муаммоли кредитлар улуши билан якунлаган бўлса, унда 2020 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра бу кўрсаткич 2,7 фоизга, 1 март ҳолатига кўра 2,8 фоизга ёки 7,8 триллион сўмгача ўсди (жами кредит портфелида — 280,2 трлн сўм). 1 апрель ҳолатига кўра, муаммоли кредитлар 3,6 фоизга ёки 10,1 трлн сўмга ўсди.

Муаммоли кредитлар улуши ўсишда давом этиб, 1 май ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 4,4 фоизни ёки 12,9 триллион сўмни (292 триллион сўмдан) ташкил этмоқда, яъни бир ой ичида фаолиятсиз кредит ҳажми 27 фоизга ошган.

Муаммоли кредитлар улушининг ўсиши давлат банкларининг 13 тасидан 10 тасида кузатилган. Хусусан, “Ўзбекистон Миллий банк”ининг (Ўзмиллийбанк) NPL кўрсаткичи 1,9 триллиондан 2,6 триллион сўмгача (36 фоизга), “Асака Банк”да 1,5 триллиондан 1,7 триллион сўмгача, Агробанкда 486 миллиард сўмдан 1,1 триллион сўмгача, “Халқ банки”да 813 миллиарддан 1,1 триллион сўмгача, “Қишлоқ қурилиш банк” — 379 миллиарддан 716 миллиард сўмгача, “Микрокредитбанк” — 173 дан 331 миллиард сўмгача, “Алоқабанк” — 8 миллиарддан 256 миллиард сўмгача ўсган.

Ўз навбатида, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Пойтахт банк” ва “Ўзагроэкспортбанк”да NPL кредитлар пасайган.

Хусусий банклар ўртасида кредит портфелининг сифати деярли ўзгармади (қарздорликнинг ўсиши 0,4 фоиз), аммо “Туркистон” банки, “Hi-Tech Bank” ва “Madad Invest Bank”да вазият қийинлигича қолмоқда.

Экспертларга кўра, муаммоли кредитлар улушининг ўсиши коронавирус пандемияси пайтида жорий қилинган карантин чекловлари туфайли Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги кескин пасайгани, корхоналар ва аҳоли қарзларни тўлашда қийинчиликларга дуч келгани билан боғлиқ.

Аввалроқ, Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев кредитларни қайтариш бўйича Бош вазир ўринбосарлари ва ҳокимларга шахсий жавобгарликни юклаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг