Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта тарифлари қимматлаши кутилмоқда
Жамият
−
29 Май
5975Ҳозирда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 2019 йилда тасдиқланган суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқишга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:
- Сўнги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётганлиги ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётганлиги бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони ортиб бормоқда.
- Таҳлилларга асосан 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келинмоқда. Маълумот учун, 2023 йилда Тошкент шаҳрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.
- Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 млн сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолди.
Жаҳон банкининг статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган.
Таъкидланишича, республикада белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти ҳозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлар билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.
"Мазкур муаммонинг ечими сифатида асосли ҳисоб-китоблар натижасида, яъни транспорт воситалари эгалари ва суғурта ташкилотлари учун мақбул суғурта тарифлари ва суғурта суммасини белгилаш режалаштирилмоқда", дейилади хабарда.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фуқаролардан бу борадаги таклиф ва мулоҳазаларини Napp_connect_bot Теlegram-ботига юборишни сўраган.
LiveБарчаси