Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди

Жамият 5360
image
-

Бугун, 1 апрелдан бир йилдан ортиқ вақт мобайнида ўзбекистонликларга хавф солиб турган коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларига старт берилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Аввалроқ Ўзбекистон бўйлаб вакцинация жараёнларида ZF-UZ-VAC2001 – ўзбек-хитой вакцинаси ва Европанинг AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишга тайёргарлик кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.

Вазирлик маълумотларига кўра, апрель ойи давомида Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 219 та эмлаш пунктларида бир ойда 142,3 минг эмлаш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, сурункали касалликлари бор аҳоли вакиллари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ҳам биринчи навбатда эмлаш режалаштирилган.

Бунинг учун мамлакат бўйлаб  3138 та эмлаш пунктлари ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригадалар шай ҳолатга келтирилган. 

Ҳудудларга вакциналарни ташиш учун COVAX дастури доирасида 17 та авторефрижератор, 206 та юк ташувчи минивен ва 16 та енгил автотранспорт воситалари келтирилган.

Эмлаш жараёнлари учун 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йил июнь ойигача Ўзбекистонга яна 5,5 млн доза коронавирусга қарши вакцина олиб келиниши режалаштирилгани ҳақида хабар берилганди.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 160
Рейтинг: 3
t
×