Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларни даволаётган шифокорлар ўрин алмашди

Жамият

image

Бугун, 12 апрель куни Вирусология илмий-текшириш институти клиникасининг коронавирусга чалинган беморларни даволаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан чуқур миннатдорлик изҳор этилиб, юксак эҳтиром билан реабилитацияга кузатилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, мазкур клиниканинг билимли ва матонатли жамоаси саъй-ҳаракатлари туфайли шу кунгача жами 37 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Тез фурсатларда ушбу клиникадан яна ўнлаб беморларнинг соғайиб чиқиши кутилмоқда. Айна пайтда бу ерда 112 нафар беморга шифокорлар томонидан кеча-ю кундуз халқаро стандартлар асосида, самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

“Беморларнинг соғайиши йўлида клиникамизда бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида. Даволаш жараёнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор давлатларнинг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, юртимизнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани ҳам шифокорларимизга қўл келмоқда. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган вилоятларимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари билан ҳам доимий мулоқотда бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз”, дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабаев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 796 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 42 нафари даволанган, 4 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг