Ўзбекистонда “Kinder”дан касалланиш қайд этилдими?
Саломатлик
−
29 Апрель 2022
10703Ўзбекистонда шоколад орқали сальмонеллёз инфекциясини юқтириш ҳолатлари қайд этилгани йўқ. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг таъкидлашича, дунёда “Kinder” шоколадларидан касалланиш аниқланаётгани учун эҳтиёт чоралари кучайтирилиб, Ўзбекистонга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори, “Kinder” савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги ҳам назоратдан ўтказиляпти.
Маълумот учун, шу кунларда дунёнинг айрим мамлакатларида “Kinder” савдо белгиси остида Бельгияда ишлаб чиқарилган шоколад маҳсулотлари сотув расталаридан олиб ташланмоқда.
Чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, ҳозиргача дунёнинг 11 давлатида сальмонеллёз касаллигига чалиниш ҳолатлари кескин ошиб кетиши айни шу ширинликлар билан боғлиқ. Зарарланган шоколад маҳсулотлари камида 113 мамлакатга тарқатилгани айтилмоқда.
Айни пайтга қадар сальмонеллёз билан боғлиқ 151 ҳолатдан 150 таси Европада рўйхатга олинган бўлса, қолган бири АҚШда кузатилган. Шу сабабли ана шу ва бошқа ҳудудларда “Kinder Surprise”, “Kinder Mini Eggs”, “Kinder Surprise Maxi" ва “Kinder Schoko-Bons” номли маҳсулотлар дўконлардан қайтариб олиняпти.
Мутахассислар изоҳига кўра, сальмонеллёз инсоннинг ошқозон-ичак трактига зарар етказувчи бактериялардир. Ушбу инфекция кўп ҳолларда беморларда енгил аломатлар билан кечса, баъзи турлари одамларда ўткир касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Умумий симптомлар орасида диарея, иситма, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кўп кузатилади. Касалликка аниқ ташхис қўйиш учун микробиологик ва бактериологик таҳлиллар зарур.
LiveБарчаси