Ўзбекистонда кибержиноятлар 68 бараварга ошди
Жамият
−
03 Ноябрь 2778 2 дақиқа
Ўзбекистонда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони эса 68 баробарга кўпайган. Жорий йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган. Бу ҳақда бугун, 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган миллат генофондини гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳамда прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимотида сўз боради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва электрон имзолари бўйича амалга оширилаётган фирибгарликлар сони кескин ортиб бормоқда. Жиноятларнинг катта қисми интернет орқали амалга оширилиб, энг кўп тарқалган усуллардан бири – банк карталари орқали содир этилаётган киберфирибгарлик ҳисобланади.
Шахсий маълумотлар ҳимояси бўйича аниқ механизм мавжуд эмас, айрим тадбиркорлик субъектлари мижозларнинг маълумотларини очиқ базаларда сақламоқда. Давлат хизматлари соҳасида ҳам биометрик идентификация ва электрон рақамли имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик бўйича етарли кафолатлар таъминланмаган.
Шунингдек, банк тизимида киберҳужумларнинг олдини олиш, шубҳали пул операцияларини аниқлаш ва тезкор чора кўриш механизмлари етарли даражада самарали ишламаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, тақдимотда соҳанинг ҳуқуқий, технологик ва илмий-услубий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Мутасаддилар бу борада ишлаб чиқилган ечимларни баён қилди. Шахсга доир маълумотлар билан ишлашда киберхавфсизлик талабини, бундай маълумотларни шифрлаб сақлаш тартибини жорий этиш, маълумотга ишлов берувчи шахсларнинг реестрини юритиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Банк соҳасида онлайн-микроқарз ажратишда фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимларини жорий этиш, фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик, шубҳали банк ҳисобварақларини блоклашни туну кун режимда йўлга қўйишнинг механизмлари таклиф қилинди. Кибержиноятчиликнинг янги турлари – смарт қурилмаларга ҳужумлар, криптоактивларни ноқонуний эгаллаш каби таҳдидларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, жумладан, уларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Live
Барчаси