Ўзбекистонда хусусий ОТМларни назорат қилувчи алоҳида тузилма ташкил этилади
Жамият
−
30 Апрель 5936 1 дақиқа
Ўзбекистонда таълим сифатини ташқи баҳолаш, сифат назоратининг шаффоф, холис ва адолатли тизимини жорий қилиш билан шуғулланувчи мустақил тузилма ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевга нодавлат таълим хизматлари тизимини такомиллаштириш, олий ва касбий таълимда сифатни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиш чоғида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда таълим соҳасида хусусий секторга берилган имкониятлар туфайли 71 та хусусий олийгоҳ ва 51 та хусусий техникум ташкил этилиб, уларда 500 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 42 фоизга ошган.
Тақдимотда нодавлат таълим хизматларини кўрсатишни тартибга солиш, лицензиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш бўйича янги тизимни жорий этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинган.
Қолаверса, бу борада илғор хорижий тажрибалар асосида икки босқичли лицензиялаш тизимига ўтиш, таълим дастурларини махсус аккредитациядан ўтказиш ҳамда ҳар беш йилда комплекс давлат аккредитациясини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилган.
Live
Барчаси