Ўзбекистонда хонандаларга динни тарғиб қилмаслик бўйича тушунтириш берилди

Маданият-санъат

image

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаларни тўплаб, концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик масалаларида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ташкилот сайтида берилган хабарда сўз борган. 

Йиғилиш кеча, 3 март куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида концерт-томоша фаолиятида олиб борилаётган маданий-маърифий ишлар ҳамда “Санъаткор одоби” мавзусида ўтказилган.

Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг раҳбарияти, ходимлари, хонандалар, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари, ҳудудлардаги хонандалар (зум платформаси орқали) иштирок этган.  

Йиғилишда санъаткорларнинг маънавий-маданий фаолияти ҳамда “Санъаткор одоб-аҳлоқи”, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, санъаткорларнинг концерт-томоша фаолияти учун лицензия талаб ва шартлари ҳамда муаллифлик ҳуқуқи каби масалалар муҳокама қилинган. 

Йиғилиш давомида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда  санъаткорларнинг мажбурий талабларга риоя қилишини ҳамда асосий лицензия талабларида ижрочиларнинг концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Шунингдек, йиғилишда мамлакат Конституцияси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этиши, бошқа давлатларда бўлганида ўз мамлакат шаънини эъзозлаши, одоб-ахлоқ, маданият, ўзбекона қадриятларни унутмаслик ҳақида сўз борган. 

“Бошқа ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи ҳар хил туҳматлар, иғво гаплар, уйдирмаларни тарқатмаслик, кийиниш маданиятига қатъий риоя қилиши, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, дабдабабозлик, шоҳона ҳаётни кўз-кўз қилмаслик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида, кафе, ресторан, барларда ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши, атрофдагилар эътиборини тортувчи ортиқча салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик керак”, деган йиғилишда сўз олганлардан бири.

Шу билан бирга куй-қўшиқларнинг мазмунига эътибор қаратиш, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтган. Шунингдек, ўз ижодлари давомида ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни кўпайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлишлари айтиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг