Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Ҳабибулла Абдуалиев вафот этди

Жамият 5979
image

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Ҳабибулла Муллабердиёрович Абдуалиев жорий йилнинг 17 сентябирида 88 ёшида вафот этди.

Ҳабибулла Муллабердиёрович Абдуалиев 1932 йил 26 октябрда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида туғилди. Ҳ. Абдуалиевнинг падари бузрукворлари Алимов Муллабердиёрхон Тошкент шаҳри “Дархон” масжидининг имоми, Додалари Абдулло муфтий унвонида фаолият кўрсатганлар.

Устоз Ҳабибулла Абдуалиев тўғрисўз, фидоий, ўз касбига жонкуяр ва ўта масъулиятли инсон эдилар.

1955–1960 йилларда Ўрта Осиё давлат университетининг юридик факультетида таҳсил олган ва айни бир вақтнинг ўзида шу факультетнинг услубчиси вазифасида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган.

1959–2002 йиллар давомида Тошкент давлат университетининг юридик факультетида Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси лаборанти, ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси доценти, юридик факультети декан ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди.

1983 йилда унга Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Президиуми Фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” унвони берилди.

Ҳабибулла Абдуалиев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Давлат ҳуқуқи масалаларига бағишланган 40 дан ортиқ мақолалар, китоблар ва методик қўлланмалар ёзилган. Уларда давлат органлари, депутатларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, давлатларнинг суверен ҳуқуқлари, Конституция ва қонуннинг устуворлиги, мустақил давлатнинг бош қонуни, сайлов тизимлари, сайлов ҳуқуқи, халқ депутатлари, давлат органлари тушунчаси ва тизими, Конституциявий ҳуқуқ ва унинг дастури каби мавзулар ёритилган.

Ҳабибулла Абдуалиев таҳсил олган ва ҳаётда ўз ўрнини топган бир қанча шогирдлари республикамиз турли йўналишларида ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларида фаол меҳнат қилишмоқда.

Ҳабибулла Абдуалиев ҳаётининг сўнгги кунларигача, жамоат ишида фаол иштирок этиб келди. Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Шарқ юлдузи” МФЙ раиси лавозимида, шунинг билан бирга, ўзининг адлия масалаларига оид маслаҳатлари билан маҳалла аҳлининг ҳурмат-эътиборини қозонди.

QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва дўстларига ҳамдардлик билдиради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 62
Рейтинг: 3.1
t
×