“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони таъсис этилади
Жамият
−
27 Август
2477Бугун, 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасида турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тақдирлаш тизимини жорий этиш мақсадида алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш назарда тутилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш ва қонун ҳужжатларида бунинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, “Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида”ги ва “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши янги иш ўринлари яратиш, инновациялар жорий қилиш, экспорт қилиш ва етук мутахассислар тайёрлашда барчага намуна бўладиган ҳамда жамият ҳаётининг турли соҳаларида юқори натижаларга эришиб келаётган бизнес вакилларини тизимли тақдирлаш имконини беради.
Шу билан бирга, ушбу унвонни таъсис этиш орқали тадбиркорларнинг мамлакат тараққиётига қўшаётган ҳиссасига эътиборни қаратиш ва баҳолаш, катта ютуқларга эришган ва жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этаётган тадбиркорларни аниқлаш ҳамда уларни тақдирлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва бизнесга қизиқишни юксалтириш мақсадига эришилади.
Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукус шаҳрида тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтганди.
LiveБарчаси