Ўзбекистонда камбағаллар қанча? Уларнинг қанчаси болалар?

Жамият

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) Украинадаги урушнинг таъсири ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги болалар қашшоқлиги билан боғлиқ ҳолат, шунингдек, мазкур минтақадаги иқтисодий асослар ҳақидаги йиллик ҳисоботини эълон қилди. 

Мазкур ҳисобот таҳлили Украина заминида давом этаётган уруш оқибатлари, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларида болалар қашшоқлигига қарши кураш борасидаги тизимли ҳаракатларнинг жиддий таназзули борасидаги далиллар ҳамда болалар ўлими билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олади. 

Ҳисоботда айтилишича, кўриб ўтилаётган ҳудуд (Шарқий Европа ва Марказий Осиё) ялпи ички маҳсулотининг аҳоли жон бошига ҳақиқий тақсимоти 2006 йилги 16 500 доллардан 2022 йилда 23 600 долларгача кўтарилган. Аммо, шу билан биргаликда, 2008 йилги жаҳон иқтисодий инқирози, Қрим аннекцияси ва бунинг ортидан рублнинг кескин қадрсизланиши, глобал пандемия мазкур минтақа давлатларида бозорлар фаолияти сустлашувига, таъминот занжирлари узилишига олиб келди – халқаро пул ўтказмалари камайди, иқтисодий ўсиш сустлашди. 

Жамғармага кўра, юқоридагилар болалар қашшоқлигига олиб келувчи омилларни кучайтирган. 

UNICEF ҳисоботи, шунингдек, Халқаро Валюта фондининг мамлакатлар иқтисодий ҳолати бўйича прогнозларини ҳам ўз ичига олади. Унга кўра, Украинадаги уруш туфайли Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси ялпи ички маҳсулотининг аҳоли жон бошига ҳақиқий тақсимоти 2022 йилда кўзланган 24 700 доллар эмас, балки 23 600 долларга ўсиши кутилмоқда.ь Мазкур ҳолатни юзага келтирувчи бир қатор омиллар мавжуд. 

UNICEF ҳисоботида айтилишича, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳукуматлари уруш ортидан келган инқироз ва пандемия оқибатларини бартараф этиш зарурати юзага келган бир муҳитда ниҳоятда чегараланган молиявий ва ижтимоий ҳимоя воситаларини қўлладилар. Бу эса кўзланган мақсадларни амалга ошириш имконини бермади.

Баёнотда таъкидланишича, таърифланаётган Шарқий Европа ва Марказий Осиё ҳудуди уруш олиб борувчи давлатлар (Россия ва Украина) билан чамбарчас боғлиқ. Улар ёқилғи ва манбалар, пул айланмаси борасида муҳим боғлиқликларга эга. Орадаги занжирларнинг узилиши ёки бўшаб қолиши эса оилаларнинг даромадлари камайишига, бунинг ортидан мазкур оилалардаги болалар аҳволи билан боғлиқ муаммоларнинг кучайишига олиб келади.

Ҳудудга хавф солаётган иқтисодий пасайиш асосан уч хил кўринишда намоён бўлади: биринчи истеъмол товарлари нархидаги кескин ўсиш, савдо-таъминот занжирларида узилишлар ҳамда тадбиркорлик ва инвестиция муҳитида ишончсизлик кучайиши. Шу омиллар таъсирида 2022 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида 10,4 миллион кишининг иқтисодий ҳолати камбағаллик чегарасидан пастга тушиши кутилмоқда. Уларнинг 4 миллиондан ошиғини эса 18 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу болаларнинг тўртдан уч қисми эса Россия Федерацияси ҳисобига тўғри келади. Айтиб ўтиш керакки, қашшоқликда яшовчи болалар сонидаги ўсиш уруш инобатга олинмаган ҳолатдаги прогнозлардан 19 фоизга кўпроқ бўлиши айтилган. 

Шу билан бирга, тахминан 117 минг бола мажбурий таълим йилини бой бергани айтилади ҳисоботда. Бу бевосита ҳар мингта боладан иккитаси таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлади дегани. Ўз ўрнида, жорий йилда 1 ёшга тўлмасдан вафот этувчи гўдаклар сони 4500 атрофида бўлиши кутилмоқда (ҳар 100 минг болага 8 та ҳолат).

Ҳисоботда Ўзбекистон учун ажратилган бўлим ҳам алоҳида диққатни талаб қилади. Жорий йилда камбағаллик чизиғидан пастга тушувчи аҳоли сони 179 128 кишига етиши, улардан 89 551 нафарини болалар ташкил этиши айтилади. Гўдаклар ўлими 267 ҳолатга етиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made