Ўзбекистонда Қурбон ҳайити кунлари неча миллион эҳсон қилинди?

Жамият 15972
image

Жорий йил Қурбон ҳайити вақтида ўтказилган “Қурбонлик–2021” тадбири доирасида 713 миллион 264 минг сўмлик эҳсон қилинди. Бу ҳақда “Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) бўлиб ўтган брифингда маълумот берди.

Хабарга кўра, “Қурбонлик–2021” тадбирлари режасига асосан жорий йилнинг 20, 21 ва 22 июль кунлари “Вақф” фондининг барча ҳудудий филиаллари томонидан хайрия тадбирлари ташкил этилган. 

Таъкидланишича, “Вақф” фондининг марказий аппарати томонидан Тошкент шаҳридаги 21 ва 23-сонли Меҳрибонлик  уйларининг тарбияланувчиларига жами 11 326 000 сўмлик 280 дона байрам совғаси хайрия қилинган. 

“Вақф” фонди томонидан ҳомийлар ва ҳамкорларни жалб этган ҳолда 504 миллион сўм маблағ ажратилди ва ушбу маблағ ҳисобидан республика бўйлаб жами 36 дона қорамол қурбонлик қилиниб,  7 545 кг гўшт улашилди. Шунингдек, Фонднинг ҳудудий филиаллари ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 2 та қорамол ва 35 та қўй қурбонлик қилиниб, 1 716 кг гўшт тарқатилди. Қурбон ҳайити муносабати билан филиаллар томонидан жалб қилинган хайриялар, жумладан қурбонликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори жами 197 938 000 сўмни ташкил этди”, дейди “Вақф” фонди вакили.

Умумий ҳисобда “Вақф” фонди ҳамда унинг ҳудудий филиаллари томонидан республика бўйича 38 та қорамол ва 35 та қўй сўйилиб, ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор бўлган ва бемор кишилар учун жами 9 216 кг қурбонлик гўшти хайрия қилинган.

“Тадбир давомида республика миқёсида 4 167 нафар кам таъминланган оила, боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кекса фуқароларга жами 644 455 297 сўмлик ҳамда 23 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида истиқомат қилувчи ҳамюртларимизга 68 808 623 сўмлик эҳсон, умумий ҳисобда “Қурбонлик–2021” тадбири доирасида  713 264 000 сўмлик эҳсонлар қилинди”, дейилади хабарда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 346
Рейтинг: 3.1
t
×