Ўзбекистонда қирғиз тилида дарс бериладиган нечта мактаб борлиги айтилди

Жамият 3911
image

Ўзбекистонда 51 та мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади. Бу ҳақда Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Раҳматулла Жабборов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда қирғиз миллатига мансуб 300 минг  инсон истиқомат қилади. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритади.

Киргизский национально-культурный центр - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.07.2021

“51 та мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади ва улар учун қирғиз тилида дарсликлар чоп этилиб борилмоқда. Шунингдек, Андижон Давлат университетида қирғиз тили ва адабиёти таълим йўналиши мавжуд”, дейди марказ раҳбари.

Жабборовнинг айтишига кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқ дипломатияси ва миллатлараро тотувликни таъминлаш учун жуда кўп ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 1995 йилга қадар мамлакатга кириб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш, бундан ташқари узоқ вақт давомида яшаб келганларни соддалаштирилган тартибда фуқароликка қабул қилиш – камида 50 минг киши учун орзиқиб кутилган янгилик бўлган.

Бундан ташқари, Президент ташаббуси билан 30 июль — Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилиниши — муҳим тарихий воқеа бўлган.

Маълумот учун бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллий маданий марказлар ва 38 та дўстлик жамиятлари фаолият юритиб келмоқда. Шунигдек, Ўзбекистонда 16 та диний конфессиялар бор.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 2.9
t
×