Ўзбекистонда қайси вилоятлар аҳолиси “свет”дан энг кўп ноқонуний фойдаланиши айтилди
Жамият
−
20 Октябрь 2022 14914 2 дақиқа
Ўзбекистонда электр энергиясидан энг кўп Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ноқонуний фойдаланиляпти. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” Матбуот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев маълум қилди.
“Ўзэнергоинспекция” томонидан 2022 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилган тадбирларда 35 кВ ва ундан юқори электр қурилмаларига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари, энерго тизими корхоналари, давлат ташкилотларида ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича жами 718 та ҳолат аниқланган. Бунинг натижасида, электр ва иссиқлик энергиясидан ноқонуний фойдаланган 440 та истеъмолчи томонидан 87,1 млрд сўм етказилган зарар бўйича қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилган.
Шунингдек, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бирга электр тармоқларига ноқонуний уланган 758 та истеъмолчи томонидан тизимга 26,1 млрд сўм зарар етказилган. Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида аниқланди.
2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида 3207 та ижтимоий соҳа объектидаги ўрнатилган ташқи, ички электр ва иссиқлик қурилмалари ҳамда иситиш учун ўрнатилган қозонларнинг ҳолати юзасидан ўтказилган ўрганишларда 1995 та муассасанинг техник ҳолати қониқарсиз эканлиги аниқланган. Шунингдек, кўмир омборларида кўмир ёқилғисининг сақланиши ҳолати юзасидан кўмир билан ишлайдиган 2687 та муассасанинг 834 тасида кўмир сақлаш омборининг ҳолати қониқарсиз экани маълум бўлган.
Live
Барчаси