Ўзбекистонда қарийб 3 млн доллар эвазига иккита фестивал ўтказилмоқчи
Маданият-санъат
−
07 Сентябрь 2021
19450Жорий йилнинг сентябрь ойида “Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида” Халқаро маданият форуми ва Халқаро бахшичилик фестивали доирасида ўтказиладиган тадбирлар учун умумий ҳисобда 30 млрд сўм ажратилган. Бу ҳақда бугун, 7 сентябрь куни Маданият вазири Озодбек Назарбеков фестиваль жараёнларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Ҳозир бир неча хил тадбирлар бўляпти. Тўғрисини айтсам, улар кўплигидан номлари ҳам эсимда қолмаяпти. Жамиятнинг ҳар бир вакили ўзига мос тадбирни топа олади.
Ҳозир маълум маблағ белгиланиб бўлди, шундан кўп кетади ёки кам кетади, дея олмаймиз. Сабаби, бир неча хил тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани учун ҳали кўзда тутилмаган ва йўл-йўлакай чиқиши мумкин бўлган харажатлар бор. Бундан ҳали қочиб қутулмаймиз. Мана шу тадбирларни бошлашга ҳозирча 30 млрд сўм ажратилган. Бу маблағнинг ичида барча тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Яъни, Хивада, Мўйноқда, Нукус ва Тошкент шаҳрида тадбир қилиш ниятимиз бор. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, охирги мана шу каби халқаро фестивалларда Ўзбекистон Республикаси барча ташриф буюраётган меҳмонларнинг харажатини ҳам ўз зиммасига оляпти. Бу тартиб ҳали ўзгаргани йўқ. Қачонки, мазкур фестиваллар ўз нуфузига эга бўлганидан сўнг, келадиган меҳмонларнинг харажати ўзларининг зиммаларида қоладиган ҳолатга келади”, дейди вазир Назарбеков.
Маданият вазири сўзида давом этаркан, Ўзбекистонда ўтказилиши кўзда тутилаётган фестиваллар тўлиқ карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилиши, ташриф буюрувчи томошабинлар ва меҳмонлар тиббий ниқобда бўлишлари ва антисептик воситалардан фойдаланишлари кераклигини ҳам таъкидлади.
LiveБарчаси