Ўзбекистонда қанча оила хиёнат сабаб бузилгани маълум бўлди

Жамият

image

2021 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича 19,4 мингта ажрим ҳолатлари кузатилган. Бу ҳақда Маҳалла ва оила илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева маълум қилди.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида оилавий ажримлар бўйича жами 1879 та ариза келиб тушган бўлиб, бу оилаларнинг 1291 таси яраштирилган. Оилавий ажрим аризаларининг 2019 йилда 56,4 фоизи (1771 та аризадан 998 таси яраштирилди), 2020 йилда 67,3 фоизи (1654 та аризадан 1114 таси яраштирилди) ва 2021 йилда 68,7 фоизи (1879 та аризадан 1291 таси яраштирилди) ижобий ҳал этилиб, оилалар яраштирилган. Ажрим бўйича тушган аризаларнинг энг кўп улуши 2021 йилда (68,7 фоиз) ижобий ҳал этилган.

Республикада 2021 йил январь-июнь ойларида никоҳдан ажралиш ҳолатлари 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 51,5 фоизга ортган. Бироқ, ушбу мутлоқ кўрсаткичнинг ўсиши реал ҳолатни баҳоламайди. 

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти томонидан оилавий ажралишларнинг омиллари, оқибатларини ўрганиш ва уларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Хоразм, Наманган, Тошкент вилоятларида охирги 5 йил давомида ўз оиласидан ажрашган 400 дан ортиқ шахслар билан сўров ўтказилган.

Сўров натижаларига кўра, оилавий ажралишларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари эр ва хотин ўртасида доимий маиший-психологик даражадаги келишмовчиликлар\ўзаро меҳрнинг йўқлиги (30,2 фоиз), эр\хотиннинг оила аъзоларининг оиланинг турмушига доимий аралашуви\улар билан келишмовчилик (21,2 фоиз), оилавий хиёнат (17,1 фоиз) ҳисобланади. 

Деярли ҳар бешинчи оила эр\хотиннинг оила аъзоларининг уларнинг турмушига доимий аралашуви\улар билан келишмовчилик туфайли бузилиб кетиши оилавий ажралишлар фақат оиланинг ўзига боғлиқ муаммо эмаслигини кўрсатган.

17 фоиздан ортиқ оилаларнинг бузилиб кетишига оилавий хиёнатнинг сабаб бўлаётгани ўзбек оилалари учун албатта даҳшатли ҳолат. Ачинарли томони икки йил аввал ўтказилган тадқиқот билан таққослаганда ушбу сабабнинг улуши деярли 2 баробар ошган. 

Ажралишларнинг сабаблари орасида оилада аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, уларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ сабаблар сақланиб қолаётган бўлсада, аёлга нисбатан куч ишлатилиши, аёлнинг оилада мутлақ ҳуқуқсизлиги, аёлга ўқиш ёки ишлашни тақиқланиши каби сабабларнинг улуши олдинги йилларда ўтказилган тадқиқотлар натижалари билан солиштирганда пасайган.

Сўровда иштирок этган ажрашган шахсларнинг ярмидан кўпроғи (51,5 фоизи) оилани сақлаб қолишнинг имкони бор эди, деб ҳисоблаган.

Респондентларнинг энг кўп қисми (45,3 фоизи) “агар турмуш ўртоғимнинг оила аъзолари оиламизга аралашаверишмаганида оилани сақлаб қолиш мумкин бўларди”, деган жавобни танлаганлар. Салмоғи бўйича кейинги ўринни эгаллаган сабаб ҳам муайян даражада оила аъзоларининг бирга яшаши билан боғлиқ, хусусан, 25,6 фоиз респондентлар агар алоҳида яшаш имкони бўлганда оила бузилиб кетмаслиги мумкин эди қабилида жавоб берганлар. Бу масала айниқса аёллар учун муҳим: ушбу жавобни танлаган аёлларнинг улуши салкам 30 фоизни ташкил этган. 

10,3 фоиз респондентлар оиланинг иқтисодий аҳволини ўнглай олишганида ажралиш юз бермаслигини мумкинлигини таъкидлаганлар. Бундан ташқари 12 фоиз аёллар турмуш ўртоғи ишга кириши ҳам шундай омил бўлиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирган.

Респондентларнинг атига 0,9 фоизи “ажралишнинг ҳеч қандай ёмон оқибати бўлмади, ажрашганимдан хурсандман” дея жавоб берган. 

“Сиз учун оилавий ажримнинг энг оғир оқибатлари қайсилар бўлди?” деган саволга респондентларнинг 64,3 фоизи “Фарзандим отасиз\онасиз ўсишга мажбур” деб жавоб берганлар. Сўров иштирокчиларининг 35,2 фоизи мазкур саволга “Саломатлигим ёмонлашди\асаб касалига учрадим” деган жавобни танлаган бўлиб, эркакларнинг 20 фоизи, аёлларнинг эса 40,1 фоизи шу жавобни берганлар.

Респондентларнинг 10,4 фоизи фарзандларининг тез жаҳли чиқадиган, агрессив бўлиб қолганини, 7,3 фоизи фарзандлари камгап, одамови бўлиб қолганини таъкидлаган бўлсалар, 8,5 фоиз респондентлар болалари доим отасини соғинишини, 4,1 фоизи фарзандларининг уйқуси бузилиб, иштаҳаси ёмонлашганини маълум қилган бўлсалар, яна 3,8 фоизи болаларининг мактабдаги ўқиши пасайиб кетганини айтган.

Сўров натижалари ажрашган аёллар кўпроқ ижтимоий ёрдам, моддий ҳолатини яхшилашга хизмат қиладиган шароитларга ҳамда турар-жойга эга бўлишда кўмакка муҳтож эканликларини кўрсатган. Бундан ташқари, аёллар алиментни ундиришда ёрдам кўрсатилиши зарурлиги, шахслар руҳий ва ҳуқуқий маслаҳатларга зарурлигини таъкидлашган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг