Ўзбекистонда июль ойида ҳарорат пасаядими?

Бу қизиқ

image

Бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон ҳудуди катта қисмида ҳарорат бироз пасайиши бошланди ва у 1 июль кунида ҳам давом этади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

“Ўзгидромет”га кўра, 2-3 июль кунлари ҳудуд катта қисмида ҳарорат яна 40-41 даража иссиққача кўтарилади. Жануб энг чекка қисмида ушбу кунларда ҳарорат 42-45 даража иссиқ оралиғида бўлади.

Кейинги кунларда нисбатан салқин ҳаво кутилмоқда. 3 июлда шимолий ҳудудларда, 4-5 июль кунлари Ўзбекистон барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати ёз фасли учун 30-33 даража иссиқ бўлган қулай қийматларгача пасаяди, сўнг бир неча кун давомида 34-37 даража иссиқ, жанубда 38-40 даража иссиқ атрофида сақланиб туради.

Июль ойи иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат асосан 35-38 даража иссиқ атрофида бўлиши, айрим кунлари баъзи жойларда 40-42 даража иссиққача кўтарилиши кутилмоқда.

Июль ойида ёмғир ёғиш эҳтимоли кам, фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда 2-4 кун қисқа муддатли момақалдироқли ёмғир ёғиши мумкин.

Маълумот учун, жорий йилнинг июнь ойи охирида Ўзбекистон аҳолиси кучли иссиқнинг биринчи тўлқинини бошдан кечирди. 25 июндан бошлаб максимал ҳаво ҳарорати кундан-кунга ошиб борди.

27-28 июнь кунлари шимолда ва чўл ҳудудларда, 29 июнда ҳудудларнинг катта қисмида иссиқ максимал даражага етди. Ушбу кунларда термометр устуни куннинг иккини яримида 40-42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-46 даражагача кўтарилди. Қизилқумнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати 47 даражага етди, бу метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг юқори июнь ойи қийматларига яқинлашди. Хоразм вилоятида, Қорақалпоғистоннинг, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида июнь ойи учун максимал ҳаво ҳарорати бўйича янги рекордлар ўрнатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

774

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг