Ўзбекистонда исломий банк очиш талаблари белгиланди
Local
−
21 July 3919 2 minutes
Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш ва анъанавий банкларда “исломий дарча” очиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, вазирлик Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни жорий йилнинг 17 июль куни давлат рўйхатидан ўтказган. “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, исломий банк фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.
Янги тартибга кўра, тадбиркорлик субъектларига исломий банк ташкил этиш, шунингдек, амалдаги банкларга “исломий дарча” очиш учун ҳуқуқий асос яратилди. Бунда исломий банклар ёки “исломий дарча” ташкил этишда қуйидаги талаблар бажарилиши шарт бўлади:
Исломий молия кенгаши аъзолари Марказий банк билан келишилган бўлиши;
Исломий банк фаолиятига масъул раҳбар ходим Марказий банк талабларига жавоб бериши;
Исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати ишлаб чиқилган бўлиши керак.
Ҳужжатда исломий молия кенгаши таркибига ҳам талаблар белгиланган. Унга кўра, кенгаш камида уч нафар аъзодан иборат бўлиши, жумладан раис ва унинг ўринбосари тегишли олий маълумотга эга бўлиши лозим.
Кенгаш аъзолари учун тажриба талаблари ҳам ўрнатилди. Жумладан, ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис аъзолар камида 5 йиллик тажрибага, молия-иқтисод ёки юридик йўналишдаги техник экспертлар эса банк, молия ёки ҳуқуқ соҳасида камида 7 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши керак.
Шунингдек, 2027 йил 1 июлдан бошлаб исломий молия кенгашининг барча аъзолари Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ва аудит ташкилоти (AAOIFI) томонидан берилган сертификатлардан бирига эга бўлиши талаб этилади. Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассислар эса араб тилини билиши ва ислом ҳуқуқига оид манбаларни тушуна олиши керак бўлади.
Бундан ташқари, исломий банк фаолиятига масъул раҳбар ходим банк ёки молия тизимида камида 7 йиллик тажрибага, тегишли олий маълумотга ҳамда AAOIFI сертификатларидан бирига эга бўлиши лозим. Шу билан бирга, банк раҳбар ходимларининг ўз вазифаларини бажаришга киришгани ҳақида Марказий банкни 5 иш куни ичида ёзма равишда хабардор қилиш талаби бекор қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштирувчи Марказий банкнинг Исломий молия кенгаши ташкил этилган эди.